Ссылки доступа

Полиция намойишчиларни Грузия парламенти биноси олдидан чекинтирди


Шу тариқа, ҳуқуқий масалалар бўйича парламент қўмитаси сешанба куни якуний учинчи ўқишда ялпи мажлисда қабул қилиниши режалаштирилган “Ташқи таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда маъқуллади.

Тбилисида полиция ва махсус кучлар намойишчиларни Грузия парламенти биноси олдидан чекинтирди ва ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси депутатларига бинога киришга имкон берди.

Шу тариқа, ҳуқуқий масалалар бўйича парламент қўмитаси сешанба куни якуний учинчи ўқишда ялпи мажлисда қабул қилиниши режалаштирилган “Ташқи таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда маъқуллади.

Полиция билан тўқнашувлар чоғида йигирмага яқин киши ҳибсга олинган. Бир кун аввал Грузия Ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури парламент биносини қамал қилишга уринганларга нисбатан маъмурий жазо эмас, жиноий жазо қўлланиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Парламентга "Бирлашган Миллий Ҳаракат" ва "Лело" мухолифат партияларидан сайланган депутатлар қўшма анжуманда ҳукмрон партия ва умуман ҳукумат "конституциявий майдонни тарк этганини" ва "легитимлигини йўқотганини" таъкидлаган.

1 май куни Грузия парламенти иккинчи ўқишда “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Мазкур лойиҳа мазмунан ўтган йили норозилик намойишлари манзарасида қайтариб олинган қонун лойиҳаси билан бир хил экани айтилмоқда.

“Шаффофликни таъминлаш учун” олиб чиқилаётган қонун лойиҳаси молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча нотижорат ташкилотлари ва ОАВ номлари киритилган реестр пайдо бўлишини кўзда тутади.

Қонун лойиҳаси “хорижий куч манфаатларини ташувчи бўлган ташкилотларни аниқлаш мақсадида” Адлия вазирлигига мазкур масала бўйича исталган пайтда текширув ўтказиш ваколатини беради.

Ўтган йилнинг 7 мартида Грузия парламенти биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.

Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган. Биринчи вариантдан фарқли ўлароқ қайта ишланган ҳужжатда “хорижий таъсир агенти” деган атама ўрнига “хориж давлат манфаатини ташувчи ташкилот” деган иборадан фойдаланилган.

XS
SM
MD
LG