Россияга ишлаган Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Василий Прозоровнинг машинаси 12 апрель куни Москвада портлатилган эди. Василий Прозоровнинг жонига суиқасд қилишда гумонланган шахс 19 апрель куни Бишкекда қўлга олинди ва дарҳол Москвага олиб кетилди. Бу ҳақида ТАСС давлат агентлиги ва The Insider нашрлари ўз манбасига таяниб хабар бермоқда.
Украина собиқ УХХ зобити Василий Прозоровни хоин деб ҳисоблайди.
ТАСС агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасининг айтишича, Бишкекда “кўчада ушланиб дарҳол Москвага олиб кетилган” Головченко Қирғизистон фуқаролигига ва Украинада доимий яшаш рухсатномасига эга бўлган.
Головченко Прозоровга суиқасдда гумонланиб ҳибсга олинган иккинчи шахсдир. Биринчи гумонланувчининг шахсига аниқлик киритилмаган.
12 апрель куни Москва шимолида номаълум қурилма Прозоров машинаси остида портлаб кетди. У оёғидан жароҳат олган.
ФСБ суиқасдни Украина Хавфсизлик хизмати уюштирганини айтмоқда.
Василий Прозоров 1999 йилдан бери Украина Хавфсизлик хизматида эксперт-маслаҳатчи, 2014 йилдан марказий аппаратида ва аксилтеррор марказида ишлаган. 2019 йилда у Москвага қочиб кетган ва 2014 йилдан бери, ўзи таъкидлаганидек, “мафкуравий сабабларга кўра ихтиёрий равишда” Россия разведкаси билан ҳамкорлик қилганини тан олган.
2023 йилда ҳам Прозоровнинг ҳаётига суиқасднинг олди олингани айтилмоқда.
Украина собиқ УХХ зобити Прозоровни хоин деб ҳисоблайди.