Туркманистонда бир неча кун давом этадиган байрам тадбирлари арафасида Ашхободдан ички муҳожирлар чиқариб юборилмоқда.Бу ҳақда 13 май куни Озодлик радиоси мухбири хабар қилди.
Конституция ва Давлат байроғи кунини ҳамда туркман шоири Маҳтумқули Фароғий таваллудининг 300 йиллигини нишонлаш арафасида Ашхобод вилоятлардан келган мардикорлардан тозаланмоқда. Ашхобод полицияси 10 май кунидан мардикорларга қарши рейдларни бошлаган.
“Полиция ходимлари қурилиш майдонларида рейдлар ўтказиб, вилоятликларни ватанига чиқариб юборяпти. Полиция бу тадбирларни Ашхободда хавфсизлик чоралари кучайтирилганлиги билан ҳамда муҳожирлар байрам кунлари пойтахт қиёфасини бузаётганлиги билан изоҳлаган”, — дея хабар бермоқда пойтахтдан чиқариб юборилган қурувчилар билан суҳбатлашган Озодлик радиосининг мухбири.
Туркманистонда Конституция ва Давлат байроғи куни 18 майда нишонланади. Шунингдек, бир кун аввал, 17 май куни “Маҳтумқули Фароғий” маданият ва истироҳат боғи мажмуаси ҳамда туркман шоирига 300 метрлик ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган. 25 май куни эса Ашхобод куни нишонланади.
Ҳукумат ушбу байрамона тадбирларга таклиф қилинган хорижлик меҳмонлар назарига мардикорлар тушишини истамаяпти.
Пойтахтдан бадарға қилинган мардикорлардан бирининг айтишича, полициячилар унга мардикорлар "мамлакат имиджига путур етказаётганини" айтган.
Ашхободда 18-25 май кунлари кучайтирилган хавфсизлик чоралари жорий қилинади ва шу сабабли полицияга аввалроқ пойтахтни ички муҳожирлардан тўлиқ тозалаш буюрилган. Мардикорлар автобусларда ўз вилоятига юборилмоқда.
Ҳукумат байрамона тадбирларга таклиф қилинган хорижлик меҳмонлар назарига мардикорлар тушишини истамаяпти.