Британия нашрларига берган интервьюсида Пашинян КХШТ чегаралар делимитация қилинмаганини баҳона қилиб, 2021 ва 2022 йилларда Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан Арманистон чегаралари бузилган пайтда жавоб механизмларини ишга туширмаганини қайд этган.
У КХШТ Россия, Арманистон ва бошқа аъзо мамлакатлар суяниши мумкин бўлган механизм ўлароқ мавжуд эмаслигини урғулаган.
“Бу КХШТнинг реакцияси ва айрим аъзо мамлакатларнинг баёнотлари билан асосланади. Жамиятимиз биздан: “Нима учун КХШТга аъзо бўлиб қолишда давом этяпсиз?” деб сўраяпти. Очиғини айтганда, менда бу саволга жавоб йўқ”, деган Пашинян.
Арманистон бош вазири Россия Жанубий Кавказ минтақасида сезиларли ва жиддий роль ўйнашини ҳам билдирган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар қилган.
Британиялик журналистларга берган интервьюсида Пашинян Ереван Арманистон армиясидаги ислоҳотлар ва модернизация юзасидан Озарбайжондан келаётган баёнотлардан ҳам хавотирда эканини қайд этган.
Бош вазирга кўра, бир мамлакатнинг жанговар салоҳиятли армияга эга бўлиш ҳуқуқига бошқа ҳеч бир мамлакат қарши чиқолмайди.
У жанговар салоҳиятга эга армия фақат уруш учун эмас, тинчлик учун, кучлар мувозанатини барпо қилиш учун ҳам муҳимлигини урғулаган.
“Биз урушга эмас, тинчликка ҳозирланяпмиз. Бошқа томондан эса бизда Арманистон Республикаси ҳужумга учрамаслигига ҳозирча ишонч йўқ ва табиийки, биз мудофаа қобилиятимизни ривожлантиришимиз лозим”, деган Пашинян.
Бош вазир ҳозирги пайтда Арманистон ўта муҳим бўлган чегара демаркацияси жараёнига киришаётгани, бу жараён, хусусан, хавфсизлик таҳдидларини камайтириш нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳимлигини таъкидлаган.