Ҳукмрон партия Грузия президентининг “хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунга ветосини енгиб ўтмоқчи. Бу таҳминан парламентнинг 28 май куни бўлиб ўтадиган навбатдаги ялпи йиғилишида содир бўлади, деб маълум қилган Озодлик радиосига парламент аппаратидаги манба.
Қонун ташаббускори бўлган ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси президент ветосидан устун келиш учун етарли кучга эга – бунинг учун 77 депутат овоз бериши керак бўлади. Қонун лойиҳасини 14 май куни Грузия парламенти томонидан учинчи - якуний ўқишда 84 депутат маъқуллаган.
Европа Иттифоқи ва АҚШ Грузия расмийларини “Ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунга ветони енгиб ўтиш ниятидан воз кечишга чақирди. Танқидчилар бу қонунни Россиядаги “хорижий агентлар тўғрисида”ги репрессив қонуннинг муқобили, деб аташмоқда.
ЕИ раҳбарияти баёнотида қонуннинг бутунлай қабул қилиниши Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши айтилган. Еврокомиссия мулозимлари фикрича, қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига путур етказиб, ОАВ эркинлиги учун хавф туғдиради. Financial Times нашрининг ЕИдаги уч мулозим сўзларига таянган ҳолда қайд этишича, қонун қабул қилинса Грузиянинг ЕИга кириш аризаси музлатилади. Ўтган йили Грузия расман Европа Иттифоқига киришга аъзо мамлакат мақомини олган эди, ваҳоланки бу ҳақдаги музокаралар ҳали бошланган ҳам эмас.
Грузияда баҳсли қонун қабул қилиниши юзасидан Қўшма Штатлар ҳам ташвиш билдириб, Тбилиси расмийларини ундан воз кечишга чақирган. АҚШ Грузияга кўп миллион долларли ёрдам дастурини қайта кўриб чиқиб, норозиларга қарши репрессияларга алоқадор бўлганларга қарши санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирган.
"Россия андозасидаги" қонуннинг муҳокамаси ва қабул қилиниши Тбилисидаги кўп минг кишилик кўча намойишлари манзарасида амалга ошган. Полиция парламент биноси олдида йиғилаётган намойишчиларга қарши тез-тез куч қўллаган, икки ўртада тўқнашувлар содир бўлди.
Баҳсли қонун қабул қилинса, ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча ташкилотлар ва гуруҳлар хорижий агент ўлароқ рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Қонун лойиҳаси ташаббускорлари қонун Грузияни чет элдан молиялаштириладиган норозилик акциялари, радикал партиялар ва пропагандачи медиадан ҳимоя қилиш учун зарурлигини айтишмоқда. Мазкур қонунни бузганлар йирик миқдорда жарима тўлашлари керак бўлади. Ҳужжат муаллифлари ундаги моддалар Россия қонунчилигидан эмас, АҚШ қонунчилигидан олинганини урғуламоқдалар.
Мухолифатчилар, хусусан, Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси тарафдорлари қонун лойиҳаси фуқаролик жамиятига қарши қатағонларни машруълаштириб, Грузияни Ғарбдан юз буришига ва “Россия томонидан ютиб юборилиши”га олиб келишини иддао қилишмоқда.
Ёшлар ва талабалар ташкилотлари, фаоллар ва мухолифат “Россия қонунини бекор қилишни” ва ҳукумат истеъфосини талаб қилган норозилик намойишларини октябрда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига қадар давом эттиришларини айтишмоқда. Мухолифат бу сайловларда ягона куч сифатида иштирок этмоқчи.
Ҳукмрон партия Грузия президентининг “хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунга ветосини енгиб ўтмоқчи
Руспараст "Грузия орзуси" партияси парламентда президент ветосидан устун келиш учун етарли овозга эга.