Ссылки доступа

Маҳкум алмашувида озод этилган америкалик уч фуқаро АҚШга қайтди


АҚШда уларни президент Жо Байден, вице-президент Камала Харрис, қариндошлари ва ҳамкасблари кутиб олди. 

Россияда озодликдан маҳрум этилган америкалик уч фуқаро – собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан, журналистлар Эван Гершкович ва Алсу Курмашева АҚШга қайтди.

Улар Вашингтон яқинидаги Эндрюс авиабазасига қўндилар, у ерда уларни АҚШ президенти Жо Байден, вице-президент Камала Харрис, қариндошлари ва ҳамкасблари кутиб олди.

"Биз буни амалга ошира олишимизга мутлақо ишонардим," - деди Байден журналистларга.

Эван Гершкович Россиядаги қамоқхоналарда сақланаётган бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам унутмасликка чақирди.

Россия, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар Совуқ Уруш тугаганидан буён энг йирик маҳкум алмашувини амалга оширишди.

Маҳкум алмашуви Туркия пойтахти Анқара шаҳри аэропортида 1 август куни бўлиб ўтди.

Туркия расмийлари маълумотига кўра, алмашилиши керак бўлган одамлар рўйхатида икки бола дохил 26 киши бор. Улардан 10 нафари Россияга, 13 нафари Германияга, уч нафари эса АҚШга йўл олишган. Маҳкум алмашуви жараёнида АҚШ, Германия, Польша, Норвегия, Словения, Россия ва Беларусь каби давлатлар иштирок этган.

Россия қамоқхонасидан озод бўлганлар орасида сиёсий маҳбуслар Илья Яшин, Владимир Кара-Мурза, Олег Орлов, Лилия Чанишева, Андрей Пивоваров, Саша Скочиленко ва бошқалар, шунингдек, америкалик журналист Эван Гершкович ва “Озодлик” радиосининг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевалар бор.

Россияга қайтадиганлар орасида эса Берлинда чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвилининг ўлимида айбланиб қамалган Вадим Красиков, ҳакер Роман Селезнев, жосус Дульцевлар ва бошқалар бор.

XS
SM
MD
LG