Ссылки доступа

Россияда военкоматга ўт қўйишни режалаган йигит 25 йилга қамалди


Илья Бабурин / Iliya Baburin
Илья Бабурин / Iliya Baburin

Украинага кенг кўламли босқин бошланган 2022 йил февралидан буён бутун Россия бўйлаб ҳарбий комиссариатларга ўт қўя бошлаганлар.

Новосибирскдаги ҳарбий суд ҳарбий комиссариатни ёқиб юбориш режасига оид иш бўйича 24 ёшли маҳаллий турғун Илья Бабуринни 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Зона солидарности” лойиҳаси маълумот тарқатди.

Суд Бабуринни РФ Жиноят кодексининг бир неча моддаси, жумладан террорчилик, давлатга хиёнат, ноқонуний қуролли тузилма фаолиятида иштирок этиш каби моддалар бўйича айбдор деб топган. Айбловларнинг катта қисмини новосибирлик йигит рад этган.

Бабурин 2022 йил сентябрида ҳарбий комиссариатга ўт қўйиш режасига оид иш бўйича қўлга олинган (у мазкур иш бўйича айрим айбловларни тан олган, унинг адвокати эса ФСБ томонидан провокация бўлганини билдирган эди).

Кейинроқ унга давлатга хиёнат айблови, бир йил ўтгач эса унга Украинанинг “Азов” батальони фаолиятида иштирок, мусиқа мактабига ўт қўйиш ва бошқа айбловлар қўйилган. Бу айбловларнинг ҳаммасини рад этган Бабурин тергов билан ҳамкорликдан бош тортган, бунинг ортидан тергов ҳибсхонасида унга босим ўтказиш бошланган.

Суд қарорига кўра, илк беш йилни қамоқда, қолган йигирма йилни эса қаттиқ тартибли колонияда ўтказиши лозим.

Украинага кенг кўламли босқин бошланган 2022 йил февралидан буён бутун Россия бўйлаб ҳарбий комиссариатларга ўт қўя бошлаганлар. Путин ҳарбий сафарбарлик эълон қилганидан кейин (2022 йил сентябри) бундай ҳужумлар сони ортган. Военкоматларга ўт қўйиш чоғида ҳеч ким ўлмаган ва жабрланмаган. Биноларга ўт қўйишга уринганлик гумони билан қўлга олинганларга кўпинча террорчиликка оид модда бўйича айблов қўйилади. Бабуринга нисбатан чиқарилган суд ҳукми бу каби ишлар бўйича чиқарилган энг оғир жазо чорасидир.

XS
SM
MD
LG