“Кампиробод иши” бўйича маҳкама жараёни тезлашди. Суд мажлислари деярли ҳар куни эрталабдан кечгача бўлиб ўтмоқда. Адвокатларнинг фикрича, бу айбланувчиларнинг ҳибсга олиш муддати тугамасдан, яъни 15 июнгача суд ҳукм чиқаришга улгуриши учун қилинмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига кўра, эндиликда ҳибсга олиш муддатини узайтириш мумкин эмас. Шунинг учун, агар суд ушбу санадан олдин ҳукм чиқаришга улгурмаса, маҳбуслар, қонун бўйича, уй қамоғига озод қилиниши керак.
Бишкекнинг Биринчи май тумани суди ва прокуратура ушбу ахборот юзасидан изоҳ берган эмас. Чунки “Кампиробод иши” бўйича суд муҳокамаси ёпиқ тартибда ўтказилмоқда ва айни пайтда тўлиқ маълумот йўқ.
Давлат айбловчиси суддан айбланувчиларни мол-мулкларини мусодара қилган ҳолда 20 йилга озодликдан маҳрум этишни сўрамоқда.
Аввалроқ, май ойи охирларида маҳкама иш бўйича айбланувчиларни сўроқ қилишни бошлагани хабар қилинган эди. Ишдаги фигурантлардан бири, сиёсатчи Равшан Жээнбеков ишни кўраётган судья Марат Сидиқов прокурорлар айблов хулосасини тўлиқ ўқиб эшиттирмасдан гумонланувчиларни сўроқ қилишга киришганини ва бу қонунга зидлигини айтган эди.
Кампиробод сув омбори ҳудудидаги ерлар Ўзбекистонга берилганидан норозилик билдирган қатор фаоллар, сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари 2022 йил октябрда ушланган. Мазкур иш бўйича жами 27 киши қамоққа олинган. Барча гумонланувчиларга “оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш” моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Айрим фигурантлар эса “ҳокимиятни куч билан босиб олиш”га тайёрланганликда ҳам айбланмоқда.
Бир неча ойдан сўнг суд айбланувчилардан бир қисмини озод қилиб, уй қамоғига олди. Бироқ Равшан Жээнбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Молдокматов, Айданбек Ақматов, Марат Баязов, Айбек Бузурманқулов, Илгиз Шаменов ва Темир Маҳмудов кабилар ҳануз тергов ҳибсонасида сақланмоқда.
“Кампиробод иши” бўйича тергов салкам саккиз ой давом этди, 2023 йил июнда иш материаллари Бишкек шаҳрининг Биринчи май тумани судига ўтказилди. ИИВ жиноят ишига “махфий” муҳрини босгани сабабли маҳкама жараёни ёпиқ тартибда ўтказилмоқда.
Ўз навбатида, иш бўйича айбланувчилар ўзларига қўйилаётган айбловларни рад этиб, суд тинглови очиқ бўлишини талаб қилишаётир. Улар мазкур жиноят ишини сиёсий таъқиб деб аташмоқда.