Тожикистон жанубида Афғонистондан қочқинлар ва табиий офатлардан жабрланган шахслар учун алоҳида қишлоқ қурилмоқда. Лойиҳани Осиё тараққиёт банки молиялаштиради.
Шаҳарча Хатлон вилоятида, Афғонистон билан чегарадан 50 километр узоқликда жойлашган.
Қишлоқ 250 оилага мўлжалланган. У Толибон ҳокимиятга келганидан кейин афғон қочқинларини жойлаштириш мақсадида ташкил этилган вақтинчалик чодир шаҳарчаси ўрнида қурилади.
Тожикистон ҳукумати Афғонистондан қочқинлар оқими давом этишини истисно қилмайди.
Қишлоқда инфратузилма қурилади, йўл ва кўприк таъмирланади, электр тармоғи тортилади.
Аввалроқ Тожикистонга келган афғон қочқинлари асосан Душанбе атрофида яшайди. Баъзи маълумотларга кўра, мамлакатда 10 мингга яқин афгон қочқинлари бор. Улар ишсизлик борасида бир неча бор шикоят қилган.
БМТ маълумотларига кўра, Тожикистон ҳукумати 2022 йилда камида 85 нафар афғон қочқинини мамлакатдан мажбуран чиқариб юборган. Тожикистон ҳукумати ушбу иддаоларга ҳеч қандай изоҳ бермади.
Қишлоқ 250 оилага мўлжалланган.