Тожикистоннинг Басманда қишлоғидан чиққан муҳожирлари қишлоқ йўлини таъмирлаш учун 188 минг доллар йиғиб берди. Басманда қишлоғи - Тожикистоннинг Сўғд вилояти Деваштич туманидаги энг йирик қишлоқлардан бири. Бу ерда 10 мингдан ортиқ аҳоли яшайди, аммо аҳолининг деярли ярми ишлаш учун чет элга ёки пойтахтга кетган.
Узунлиги беш километр бўлган Басманд қишлоғининг асосий кўчаси совет давридан буён таъмирланмаган. Қишлоқдан кетган меҳнат муҳожирлари жами 188 минг доллар ёки 2 миллион сомоний йиғишди: бу пулга қишлоқдаги асосий йўлга ярим аср ичида биринчи марта асфальт ётқизилди.
"Йўлни таъмирлаш ташаббуси учта маҳаллий тадбиркордан чиққан. Уларни қишлоқдаги тўрт мингга яқин меҳнат муҳожири қўллаб-қувватлади, - дейди фуқаро Раҳматулло Ёров. - "Мигрантлар" деганда мен ҳозир Душанбе ва Хўжандда ишлаётганларни ҳам назарда тутяпман. Қишлоқ аҳолисининг ўзи ҳам ёрдам берди."
"Қариндошларимдан тахминан 20-25 киши меҳнат миграциясида. Уларнинг барчаси уч мингдан беш минг сомонигача (300 доллардан 500 долларгача) берган," - дейди Абдумажид Олимов.
Бу ҳашар йўли билан амалга оширилаётган илк лойиҳа эмас. Басмандада бадавлат аҳоли, масалан, Макка зиёрати ёки дабдабали тантаналар ўрнига муштарак муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ сарфлаши анъанага айланган.
Басманда аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан кун кўради. У Тожикистоннинг қадимий қишлоқларидан бири бўлса-да, давлат унинг инфратузилмасини ривожлантиришга деярли пул ажратмаган.
Йўлни таъмирлаш ишлари якунлангач, аҳоли энди худди шу схема бўйича болалар шифохонасини қурмоқчи.
Басманда қишлоғида 10 мингдан ортиқ аҳоли яшайди, аммо деярли ярмиси ишлаш учун чет элга ёки пойтахтга кетган.