Ссылки доступа

Маккада жазирама туфайли ҳалок бўлганлар сони 1000 нафардан ошди


Саудия Арабистонида ҳаж зиёрати чоғида жазирамада ҳалок бўлган зиёратчилар сони 1000 дан ошди. Бу ҳақда дипломатларнинг расмий баёнотларига таяниб France-Presse (AFP) агентлиги хабар бермоқда.

Хабарга кўра, халок бўлганлар орасида камида 658 нафар Миср, 68 нафар Ҳиндистон, 60 нафар Иордания, 35 нафар Покистон, 35 нафар Тунис, 5 нафар Россия ва 3 нафар Тожикистон фуқаролари бор.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти рўйхатдан ўтмаган зиёратчилар бўлиб, уларнинг кўпчилиги кондиционерлар ва тиббий хизматдан фойдаланиш имконларига эга бўлмаган, дея хабар берди AFP.

Маълумотларга кўра, бу йилги мавсумда Маккага 22 давлатдан 1,5 миллиондан зиёд зиёратчи борган. Саудия Арабистони Миллий метеорология маркази маълумотларига кўра, 17-июнь душанба куни Маккада сояда ҳаво ҳарорати +51,8 С даражани, 18 июнь куни эса +47 С даражани ташкил этган.

Минтақадаги тадқиқотлар ҳатто Саудия учун аномал бўлган иссиқ ҳарорат глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Таҳлилчиларга кўра, Макка тарафларда ўртача ҳарорат ҳар ўн йилда мунтазам равишда 0,4 даражага ошиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG