Ссылки доступа

Литвада тожикистонлик фаол Сулаймон Давлатов озод этилди


Давлатов Литва миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида ҳибсга олинган эди.

Вилнюс суди миграция хизматининг тожикистонлик қочқин ва сиёсий фаол Сулаймон Давлатовни ҳибсда яна уч ой ушлаб туриш борасидаги талабини қондирмади ва фаолни озод этишга қарор қилди.

Бу ҳақда "Бомдод" нашрига Давлатовнинг ўзи маълум қилган.

Сулаймон Давлатов можароси: тожик муҳолифатчисини Литвада нега ҳибсга олишган?

Ижтимоий тармоқларда тез-тез исломий мавзуларда баҳс-мунозараларга қўшилиб, Тожикистон ҳукуматини кескин танқид қилиб келган Сулаймон Давлатов шу йилнинг 5 апрелида ҳибсга олинган эди. Суд қароригача у депортация ҳибсхонасида сақланган эди.

Адвокати унинг ишида жиноят аломати йўқлигини, бироқ негадир Давлатов Литва миллий хавфсизлигига таҳдид деб топилганлигини ва унинг иши махфийлаштирилганлигин айтган.

Давлатовнинг ўзи мухолифат фаоли Шарофиддин Гадоев билан видеомулоқотда Литва махсус хизматларининг "ҳамкорлик таклифини" рад этгани учун ҳибсга олинганини айтган. Таклиф этилган "ҳамкорлик" нималардан иборат эканлигига у аниқлик киритмаган.

Сулаймон Давлатовнинг рафиқаси уни Тожикистонга бермасликни сўраб Латвия президентига мурожаат қилган эди.

40 ёшдаги Сулаймон Давлатов аввал Тожикистонда тақиқланган “Гуруҳ 24” аъзоси бўлган. Охирги 9 йилдан бери у Вилнюсда яшайди ва ресторан, дўкон ва новвойхона мажмуасини юритади. Унинг учта фарзанди бор.

XS
SM
MD
LG