Ссылки доступа

Оломоннинг хорижликларга ҳужуми ортидан Покистон ўз фуқароларини Қирғизистондан эвакуация қилмоқда


Покистон Ташқи ишлар вазири Ишоқ Дар вазиятга муносабат билдириб, Қирғизистондаги 540 талаба ватанига қайтарилишини айтди.

Покистон ўз фуқароларини Қирғизистондан зудлик билан олиб кетиш учун махсус рейслар ташкиллаштирди. Бунга Бишкекда оломон хорижликларга ҳужум қилгани сабаб бўлди.

Покистон Ташқи ишлар вазири Ишоқ Дар вазиятга муносабат билдириб, Қирғизистондаги 540 талаба ватанига қайтарилишини айтди.

"130 нафар талаба 18 май куни Бишкекдан Покистонга олиб келинди. Яна учта махсус рейс орқали қолган 540 нафар талабани ҳам ватанга қайтарамиз", деган ТИВ раҳбари.

Бишкекда 18 майга ўтар кечаси оломон хорижлик талабалар ва муҳожирларга ҳужум қилган. 13 май куни маҳаллий қирғиз талабалари ва тиббиёт олийгоҳининг мисрлик талабалари муштлашаётгани акс этган видео интернетда кенг тарқалди. Тармоқ фойдаланувчилари калтакланганлар қирғиз ёшлари эканлиги ҳақида ёза бошлагач, оломон тўпланиб, ётоқхонадаги хорижлик талабаларни калтаклаган

Ҳодисага Покистон ва Ҳиндистон кескин муносабат билдириб, Бишкекдаги талабаларидан вақтинчалик кўчага чиқмасликни сўради.

Қирғизистон расмийлари 18 май куни зўравонликларга алоқадорликда гумон қилиниб тўрт нафар хориж фуқароси ҳибсга олинганини маълум қилди. Полиция уларнинг миллатини ошкор қилмаган. Улар тартибсизлик келтириб чиқариш, ирқий, этник, миллий ва диний адоват қўзғатишда айбланмоқда.

Қирғизистон ҳукумати ўз баёнотида «чет эллик талабаларга нисбатан муросасизлик уйғотишга қаратилган иғволарни» рад этиб, тергов бошлангани ва айбдорлар жазоланишини билдирди.

Расмийлар «ноқонуний миграцияни бостириш ва номақбул шахсларни Қирғизистондан чиқариб юбориш бўйича қатъий чоралар» кўрилаётганини маълум қилишди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевга кўра, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 500-700 чоғли маҳаллий оломон Қирғизистонда меҳнат муҳожирларининг кўпайишига қарши норозилик билдириб, шаҳар марказига йиғилган. Ташиев Қирғизистон асосан, Покистон ва Бангладешдан келаётган ноқонуний муҳожирлар оқими билан курашаётганини, уларнинг аксарияти қонунни бузаётганини қўшимча қилди.

"Кунига камида 20-30, баъзан 50 нафар ноқонуний муҳожирларни аниқлаб, уларни мамлакатдан чиқариб юборишга ҳаракат қиляпмиз. Расмий статистик маълумотларга кўра, қонунни бузган хорижликларнинг аксарияти Покистон ва Бангладеш фуқаролари. Улардан 1500 га яқинини ўз мамлакатларига қайтариб юбордик", деди у.

Ҳодиса Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши қатъий чоралар кўришни бошлаган паллада юз бермоқда.

16 май куни Қирғизистон хавфсизлик хизмати 28 нафар покистонлик ноқонуний ишчилар тери дўконида ҳибсга олинганини эълон қилди.

15 май куни Бишкек полицияси йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик важи билан етказиб бериш хизматида ишлайдиган 400 дан ортиқ хорижлик талабаларнинг фаолиятини чеклаб қўйган.

XS
SM
MD
LG