Ссылки доступа

Kaspi асосчиси энг бой қозоғистонликка айланди


Аввалги йиллардаги энг бой қозоғистонликлар, Нурсултон Назарбоевнинг куёви ва қизи Тимур ва Динара Кулибаевлар
Аввалги йиллардаги энг бой қозоғистонликлар, Нурсултон Назарбоевнинг куёви ва қизи Тимур ва Динара Кулибаевлар

У ҳатто Назарбоевнинг қариндошларидан ҳам ўтиб кетди

Forbes журналининг дунёдаги энг бой одамлар рўйҳатида Kaspi финтех компаниясининг асосчиси Вячеслав Ким аввалги йиллардаги энг бой қозоғистонликларни, Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёвини ортда қолдирди.

Ким 5,8 миллиард доллар бойлиги билан дунёда 511-ўринни эгаллаган. Динара ва Тимур Кулибаевларнинг умумий бойлиги 10 миллиард долларни ташкил этади - ҳар бири беш миллиард долларга эга. Бу йил улар миллиардерлар рўйхатида 612-ўринни эгаллади.

54 ёшли Кимнинг муваффақияти Kaspi АҚШда биржага чиқиши билан боғлиқ. Компания 2020 йилда Лондондаги биржага, 2024 йилда эса АҚШдаги NASDAQ биржасига қўйилган. Муваффақиятли IPO натижасида Kaspi акциядорлари миллиард доллардан кўпроқ даромад олишди. Кимнинг бизнес шериги Михаил Ломтадзе ҳам Forbes рўйхатига 5,2 миллиард долларга эга Грузиялик миллиардер сифатида киритилган.

57 ёшли Тимур Кулибаев ва 56 ёшли Динара Кулибаева Қозоғистондаги энг йирик тижорат банки Halyk Bankни назорат қилади. Кулибаевлар кўп тармоқли бизнесга эга, уларнинг манфаатлари нефть қазиб олиш, қурилиш ва савдо соҳаларини қамраб олган.

Дунёнинг энг бой одами бу йил ҳам ҳашаматли ҳаёт брэндларига эгалик қилувчи LVMH корпорациясининг раҳбари Бернард Арно (233 миллиард доллар) бўлди. Иккинчи ўринни Илон Маск (195 миллиард доллар), учинчи ўринни Amazon раҳбари Жефф Безос (194 миллиард доллар), тўртинчи ўринни Facebook асосчиси Марк Цукерберг (177 миллиард доллар) эгаллаган.

Жами 2781 киши расман миллиардер ҳисобланади. Энг кўп миллиардерлар АҚШда (813 нафари), Хитойда (жумладан Гонконгда, 473) ва Ҳиндистонда (200 нафар) яшайди.

XS
SM
MD
LG