Россия президенти бу вақтда у ерда бўлмаган. Шундан сўнг россиялик шарҳловчилар Кремлни «режа асосида ва шафқатсизлик билан» жавоб зарбалари йўллашга чақира бошлади. Киев ҳодисага алоқадорлигини рад этиб, бундай йўл тутса, бу Россияга Украинада тинч аҳолига ҳужумларни оқлаш учун асос беришини таъкидламоқда.
Кремлдаги бинолардан бири устида қора тутун ҳосил бўлгани акс этган дастлабки видео москваликлар гуруҳида тунда пайдо бўлган. Кун давомида Кремл матбуот хизмати «Кремлдаги қароргоҳга учувчисиз учар қурилмалар билан ҳужум қилишга уриниш» бўлгани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг дронлар зарбаси акс этган яна бир қанча видеолар тарқалди.
«Россия томони ўзи хоҳлаган жойда ва вақтда жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», дейилади Кремл хабарида.
Россиялик сиёсатчилар Украинага ҳужумларни кучайтиришга чақирмоқда, уларнинг фикрича, Киев «қизил чизиқ»ни босиб ўтган.
«Президентга нисбатан содир этилган теракт — бу Россияга ҳужумдир», деди Давлат думаси спикери Вячеслав Володин. Унинг сўзларига кўра, «Киев режими» (у Киевдаги ҳукуматни террорчи деб атаган) «Россия, Европа, бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда».
«Зеленский режимини қуроллар билан тўйинтирган Ғарб мамлакатлари сиёсатчилари англаши керакки, улар террорчилик фаолиятининг нафақат ҳомийси, балки тўғридан тўғри иштирокчиси ҳам бўлиб қолишди», деган у ва «Киевдаги террорчи режимни тўхтатиш ва йўқ қилиш»га қодир қуролни қўллашни талаб этган.
Шимолий Европа мамлакатлари саммитида чиқиш қилган Украина президенти Володимир Зеленский Киевнинг Кремлга ҳужумга алоқадорлигини рад этди.
«Биз Путинга ҳам, Москвага ҳам ҳужум қилмаяпмиз, биз ўз ҳудудимизда жанг қиляпмиз, қишлоқ ва шаҳарларимизни ҳимоя қилмоқдамиз. Бунинг учун қуролимиз ҳам етарли эмас... Шунинг учун биз уни [ҳали] бошқа жойда қўлламаймиз. Ўзимизда тақчиллик. Биз ниманидир қаердадир ишлата олмаймиз. Шунинг учун биз Путинга ҳужум қилганимиз йўқ, буни [халқаро] трибуналга қолдирамиз», деди Украина президенти Ҳелсинкида.
Ундан олдинроқ эса Кремлга ҳужум ҳақидаги хабарлар ортидан Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ўз телеграмм-каналида ўзига хос реакция қилганди, у оловни ифодаловчи уч эможини жойлаштирган, аммо кейин бу хабарни ўчириб юборганди.