Давлатга хиёнат ва ҳокимиятни босиб олишга уринишда айбланиб 18 йилга қамалган Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Карим Масимов президент Қосим-Жомарт Тоқаевдан авф этишни сўради.
МХҚ баёнотида айтилишича, Масимовнинг авф сўраган илтимоси март ойида берилган. Бироқ ҳозирда унга қарши яна икки жиноий иш очилган. Масимов жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш ва ўта йирик миқдорда пора олишда айбланмоқда.
Масимовга Қозоғистон суди апрель ойида ҳукм чиқарган эди. Бош прокурор Берик Асиловга кўра, 2022 йил 5 январида Масимов ва унинг ўринбосарлари “МХҚнинг Олмаота ва Қизилўрда шаҳарлари, Олмаота вилояти бошқармаси ҳамда Олмаота ва Жамбил вилоят полицияси биноларини тарк этишга буйруқ берган. Бунинг ортидан мингга яқин қурол ўғирланган, уларнинг асосий қисми шу кунгача топилмаган”.
Масимов 2022 йил 6 январда қўлга олинган эди. Кейинроқ унинг ўринбосарлари ҳам ушланган.
56 ёшли Масимов Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг энг яқин сафдоши ўлароқ кўриларди. Назарбоев даврида у мамлакат ҳукуматига раҳбарлик қилган ва президент маъмуриятини бошқарган.
Ўтган йилнинг январь ойида расман 238 киши ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлар билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпи ҳали ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Фаол равишда муҳокама қилинаётган тахминлардан бири тартибсизликлардан Назарбоевнинг атрофида бўлган шахслар, шу жумладан Масимов ҳам манфаатдор бўлиши мумкинлигидир. Бу тахмин кучайишига биринчи президент атрофидаги кўплаб шахслар кейинроқ жиноий таъқибга учрагани ёки лавозимидан айрилгани ҳам сабаб бўлган.
Назарбоевнинг ўзи ҳам “миллат етакчиси” (Елбаси) мақоми дохил қатор имтиёзлардан маҳрум бўлган. Айни пайтда Қозоғистон расмийлари тартибсизлик учун масъулиятни расман қандайдир ташқи кучлар зиммасига юклаган.
Карим Масимов Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг энг яқин сафдоши ўлароқ кўриларди.