Ссылки доступа

Ўзбекистонда «жин ҳайдовчилар» хизматига талаб ортиб бормоқда


Жин чиқариш маросимларида дуолар билан бирга беморга жисмоний босимлар ўтказилади, калтакланади. Иллюстратив сурат.
Жин чиқариш маросимларида дуолар билан бирга беморга жисмоний босимлар ўтказилади, калтакланади. Иллюстратив сурат.

Айни пайтда ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида тиббий маълумотга эга бўлмаган жин ҳайдовчи табиблар ўз тарғиботини фаоллаштиргани кузатилади.

Баъзан бундай маросимларда беморга жисмоний босимлар ўтказилади, калтакланади. Калтаклар қақшатқич бўлиши ҳам мумкин. Ижтимоий тармоқларда бундай ўнлаб видеолар бор, тиббий маълумотга эга бўлмаган жин ҳайдовчи табиблар тармоқлар орқали ўз тарғиботини фаоллаштиргани кузатилади.

Тошкент вилоятида бундай маросим аянчли якун топди. Оққўрғон туманида икки эркак "жин чиқариш" пайтида бир аёлни ўлдириб қўйди. Оққўрғондаги суд гумондорларни фирибгарлик ва эҳтиётсизликдан одам ўлдиришда айбдор деб топди. Маросим иштирокчиларидан бири икки ярим йилга, иккинчиси эса уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бир ҳафта ўтиб эса жин чиқариш вақтида аёлни ўлдирган эркакларга қарор чиқарган судья жаримага тортилди.

Мазкур суд қарори матнида бир қатор грамматик хатолар, яъни жумлалар бир-бирига мос келмаслиги ҳолати кузатилган.

Қайд этилишича, мазкур суд ҳукми ёзилишида жиддий эътиборсизликларга йўл қўйилган, хусусан, судьянинг бепарволиги оқибатида ҳукмнинг лойиҳа варианти "E-XSUD" электрон базасига киритилган.

Шу сабабли, ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви тайинланган.

Ҳодиса ўтган йил ёзида содир бўлган, жин чиқарувчилар аёлга бир соат давомида дуо ўқишган, аммо "иш қийин бўлганлиги сабабли" занжир, болға каби буюмлар билан беморни калтаклашган.

Маросимда аёлнинг қариндошлари, жумладан, унинг эри ҳам қатнашган. Жабрланувчи қийноқлар оқибатида қовурғаси синиши, аъзоларининг ёрилиши ва ички қон кетиши сабаб ҳаётдан кўз юмган.

Жин чиқариш пайти ўлим ҳолатлари Ўзбекистонда бундан олдин ҳам кузатилган.

"Қуръоний шифо" деб ҳам аталадиган руҳий шифо араб ва мусулмон дунёсида кенг тарқалган амалиётдир. Хусусан, Ўзбекистонда кўпинча "жин чиқарувчилар"га аёллар мурожаат қилиши айтилади.

Исломдан аввал ҳам мавжуд бўлган жин чалиш инончи ва уни ҳайдаш амалиёти Ўзбекистонда кенг тарқалган.

Анъанавий жин ҳайдаш амалларида мулла дуо ўқиб “жин чалган” одамни елкаси ё бошига уради.

Facebook¸ Одноклассники¸ YouTube каби тармоқларда юздан ортиқ жин ҳайдовчи муллалар саҳифаси мавжудлигини кўрамиз.

Видеоларнинг ҳақиқий ёки сахналаштирилганлигини текшириш имконсиз. Хизматлар нархи бир ташриф учун 200 АҚШ доллари атрофида.

Бу табиблар тармоқлардаги саҳифаларида жин чиқариш баробарида саратон¸ қандли диабет¸ вирусли гепатит ва аëллар бепуштлиги билан боғлиқ касалликларни “тез ва самарали даволаш"ни ваъда қиладилар.

Баъзида табиблар ёрдам берамиз деб, беморга зарар етказиб қўйишади.

Уч йил аввал ижтимоий тармоқларда ўзини "дунёдаги энг кучли Рашид табиб” дея танитиб, минглаб касалларни фақат суяк уни ва товуқ пати кукуни билан даволашга уринаётган қорақалпоғистонлик Рашид Картбаев беморлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари маломатига қолганди.

Бир неча юз минг сўм пул эвазига табибнинг суяк унини сотиб олган беморлар бундан соғлигига фақат зиён етгани ҳақида Телеграмдаги махсус канал орқали шикоят қилиб чиқишган.

Тахиатош туманилик аёл эса, табибнинг товуқ пати кукунидан оқ қон касалига чалинган қизи аҳволи оғирлашиб қолгани, кейин эса нобуд бўлганини маълум қилган.

Ундан олдин Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида Ҳасан домла деган табиб "минг дардни даволагани" ҳақида гаплар пайдо бўлган.

Тармоқларда тарқалган реклама роликларига ишониб нафақат Ўзбекистоннинг ўзи, балки қўшни мамлакатлардан ҳам беморлар шифо илинжида табиб уйи олдига тизилишган эди.

Кейинчалик унинг "сохта табиб"лиги фош бўлгач одамлар бормай қўйишган. Оккультизм-афсун, шунингдек диний маросимлар орқали касалликларни даволаш халқ табобати ҳисобланмайди.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда сифатли тиббий хизматнинг етишмаслиги одамларни муқобил, баъзида шубҳали усуллардан шифо излашга ундамоқда. Чорасиз беморлар орасида фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноят қурбони бўлаётганлар ҳам оз эмас.

XS
SM
MD
LG