Ссылки доступа

БМТ Бош котиби Исроил ва Ливанни вазиятни янада авж олишдан огоҳлантирди


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ва Ливан ҳукуматларини кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкин бўлган бир томонлама ҳаракатлардан қочишга чақирди. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.

“Биз Ливан ҳудудидан Исроилнинг шимолий ҳудудларига кўп сонли ракеталарнинг учирилишини қоралаймиз”, — деди Дюжаррик. Унинг сўзларига кўра, жаҳон ташкилоти бош котиби “барча томонларни босиқликка чақиради”.

Дюжаррик таъкидлаганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари "ҳар икки томоннинг расмийлари билан алоқада". “Биз барча томонларни тинчликпарвар кучларимиз билан ҳамкорлик қилишга ва кескинлашувга олиб келиши мумкин бўлган бир томонлама ҳаракатлардан қочишга чақирамиз”, — деди у.

Пайшанба куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Ливан ҳудудидан Исроил томон камида 34 та ракета учирилгани, улардан 25 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тутиб олингани, яна 5 таси яҳудий давлати ҳудудига тушгани ҳақида хабар берган эди. Яна тўртта учириш ҳақида маълумотлар аниқланмоқда. Отишма натижасида уч киши енгил жароҳат олган. Бош вазир Бенямин Нетаняху хавфсизлик кучлари раҳбарияти билан шошилинч учрашувлар ўтказишга чақирди.

XS
SM
MD
LG