Александр Лукашенко режимига қарши намойишларни қўллаб-қувватлагани учун Беларус давлат университетининг "беш юзга яқин ходими" ишдан бўшатилган. Бу маълумотларни айтаётган университет ректори Андрей Королнинг овози ёзилган аудиолавҳа "Киберпартизанлар" ҳаракати томонидан чоп этилди.
Аудиолавҳада Корол айтишича, ходимлар билан меҳнат шартномаси "давлат манфаатлари ва хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган кадрлар сиёсати муносабати билан" тугатилган. Ушбу аудиони "Киберпартизанлар" БДУ ички тармоғидан олган.
Хакерлар қўлига тушган ҳужжатлар ҳам ректорнинг маълумотини тасдиқлайди. Ҳужжатларга кўра, университетнинг 50 нафар ходими намойишларда қатнашгани учун ишдан бўшатилган, уч нафари танбеҳ олган, яна икки нафарига ҳайфсан эълон қилинган. Худди шу сабаб деб 140 нафар талаба ўқишдан ҳайдалган.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги норозилик намойишларида қатнашган ва ижтимоий тармоқларда Лукашенкони танқид қилган абитуриентларни университетга ўқишга қабул қилмасликни талаб қилган.
Киберпартизанларнинг айтишича, Королдан ташқари қатор ходимлар талабалар ва ўқитувчиларни қўрқитиш ва уларга босим ўтказиш, кетидан кузатиш билан шуғулланади.
Беларусда 2020 йилдаги сохталаштирилган президентлик сайловларидан кейин юз минглаб одам намойишга чиққан. Олти ойдан ортиқ давом этган намойишлар давомида ва улардан кейин ҳам 35 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган. Камида 1231 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Беларусдаги етакчи университетнинг 500 нафар ходими "аксил-ҳукумат кайфияти" деб ишдан ҳайдалган
Беларусда 2020 йилдаги сохталаштирилган президентлик сайловларидан кейин юз минглаб одам намойишга чиққан. Олти ойдан ортиқ давом этган намойишлар давомида ва улардан кейин ҳам 35 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган. Камида 1231 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.