Ссылки доступа

Ироқда бир жинсли муносабатлар учун 15 йилгача қамоқ белгиланди


Аёлсифат эркаклик каби "гендер номувофиқлик" учун ҳам қамоқ жазоси киритилмоқда.


Ироқ парламенти бир жинсли муносабатларни жиноий жавобгарликка тортувчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, гейлар ва лесбиянлар 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аёлсифат эркаклик каби "гендер номувофиқлик" учун ҳам қамоқ жазоси киритилмоқда. Трансгендер одамлар, шунингдек, жинсни ўзгартиришда ёрдам бераётган шифокорлар уч йилгача қамалиши мумкин.

Қонундан кўзланган мақсад "Ироқ жамиятини ахлоқий таназзулдан ва дунёни қамраб олган гомосексуализмга даъватлардан ҳимоя қилиш" эканлиги айтилмоқда, деб ёзади Reuters. Қонун лойиҳасини аввало парламентда кўпчиликни ташкил этувчи муҳофазакор шиа партиялари қўллаб-қувватлади.

Қонун лойиҳасида аслида бир жинсли муносабатлар учун ўлим жазоси кўзда тутилган эди, бироқ муҳокама давомида жазо юмшатилган.

Ироқда бир жинсли муносабатларни бевосита тартибга солувчи нормалар бўлмаган, ЛГБТ вакилларини жазолашда асосан жамоа ахлоқига зид ҳатти-ҳаракатларни тақиқловчи моддалар қўлланилган. Бундай инсонлар шунингдек норасмий тазийқ ва жисмоний жазоларга мубтало бўлган ва уларга нисбатан жиноятлар кўпинча текширилмай, жазосиз қолган.

Human Rights Watch қонунни инсон ҳуқуқларига жиддий зарба деб атади. Қонун АҚШ Давлат департаменти томонидан ҳам қораланган .

XS
SM
MD
LG