“Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунга қарши Тбилисида уюштирилган митингда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари яна 11 кишини қўлга олишган. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. ИИВ қўшимча қилишича, “норозиларнинг зўравонлик ҳаракатлари натижасида” бир нафар полициячи жабрланган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Girchi-Meti Tavisupleba либертариан партияси раҳбари Зураб Жапаридзенинг айтишича, парламент атрофида ўша кечада ҳибсга олинганлар калтакланган. Намойишчиларнинг айтишича, полиция ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ортиқча куч ишлатган, жумладан журналистларга қарши.
Paper Kartuli қайд этишича, парламентдан депутатлар чиқиб кетаётганда намойишчиларга қарши ёш оқизувчи газ ва сувотарлар ишлатилган.
15 апрель тонгида Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунга қарши норозилик чиқишлари бошланди. Пойтахтда одамлар Руставели шоҳкўчасида жойлашган парламент биноси олдида йиғилишган. Акциянинг биринчи қисми парламентнинг юридик масалалар бўйича қўмитасида қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришилган эрталабки соат 10 дан бошланган. Акциянинг иккинчи қисми эса оқшомги соат 19 ларга тўғри келган. Кечга бориб Тбилисида бир неча минг норози йиғилган. Парламент биноси ёнига куч ишлатар тузилмалар ходимлари олиб келинган.
Норозилар “майда безорилик” ва “ҳокимият вакиллари талабига бўйсунмаслик” моддалари бўйича тутиб кетилган. ИИВ қайдича, митинг иштирокчилари жамоат тартибини бузишган, ҳуқуқ-тартиботчиларнинг “қонуний талабларини эътиборга олишмаган”, уларга қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақорат қилишган.
Mtavari телеканали хабарига кўра, 16 апрель куни парламентдаги муҳокама билан параллел равишда кенг кўламли норозилик чиқишлари қайта бошланиши кутилмоқда.
Душанба куни Грузия парламентининг юридик масалалар қўмитаси биринчи ўқишда “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Мазкур лойиҳа мазмунан ўтган йили норозилик намойишлари манзарасида қайтариб олинган қонун лойиҳаси билан бир хил экани айтилмоқда.
“Шаффофликни таъминлаш учун” олиб чиқилаётган қонун лойиҳаси молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча нотижорат ташкилотлари ва ОАВ номлари киритилган реестр пайдо бўлишини кўзда тутади.
Қонун лойиҳаси “хорижий куч манфаатларини ташувчи бўлган ташкилотларни аниқлаш мақсадида” Адлия вазирлигига мазкур масала бўйича исталган пайтда текширув ўтказиш ваколатини беради.
Ўтган йилнинг 7 мартида Грузия парламенти биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.
Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган. Биринчи вариантдан фарқли ўлароқ қайта ишланган ҳужжатда “хорижий таъсир агенти” деган атама ўрнига “хориж давлат манфаатини ташувчи ташкилот” деган иборадан фойдаланилган..