Давлат Думаси полицияга чет эл фуқароларини Россиядан чиқариб юбориш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди.
Жумладан, полиция мигрантларни 48 соат ичида Россиядан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Ҳозирда чет эл фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш (депортация қилиш) ваколатига фақатгина суд ва чегара хизмати эга.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида депортация қарори чиқарилган ёки Россияда яшаш рухсатномаси бекор қилинган, бироқ ҳали ҳам мамлакатда бўлиб турган хорижликлар учун алоҳида режим киритилмоқда. Бундай хорижликлар кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб ололмайди. Улар машина ҳайдашлари, кредит олишлари, Россия бўйлаб эркин ҳаракатланишлари, турмуш қуришлари, янги банк ҳисобварақларини очишлари ва мавжуд ҳисобларидан ойига 30 минг рублдан ортиқ маблағ сарфлай олмайдилар. Улар, шунингдек, доимий равишда полицияга геолокация орқали қаерда эканлиги тўғрисида маълумот бериб туриши шарт бўлади.
Лойиҳа муаллифлари орасида Думанинг барча фракциялари вакиллари, жумладан Думанинг МДҲ, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин ҳам бор.
Ҳужжат қабул қилиниши чет эл фуқароларининг депортацияси билан боғлиқ вақт ва харажатларни иқтисод қилишга олиб келиши урғуланмоқда.