Тожикистондаги UN Women (Гендер тенглик ва хотин-қизлар муаммолари учун маъсул БМТ ташкилоти) ваколатхонасинг раҳбари аёлларга нисбатан зўравонликни, шу жумладан, маиший зўравонликни криминаллаштиришга чақирди.
БМТ-Аёллар ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Малика Жўрақулованинг айтишича, мамлакатда аёлларнинг учдан бир қисми ўз эрлари ва яқин қариндошлари томонидан зўравонликка учрайди, аммо уларнинг аксарияти бу ҳақда сукут сақлашни афзал кўради.
Унинг фикрича, оиладаги зўравонлик жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳуқуқбузарлик деб топилиши керак, бундай жиноятни содир этганлар бир неча кунлик маъмурий қамоқ билан қутилиб қолмаслиги зарур.
"Тожикистон ҳукумати 2013 йилда Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун ва Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича давлат дастурини қабул қилди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилда Тожикистонда турмуш қурган аёлларнинг 31 фоизи камида бир марта турмушда жисмоний, руҳий ёки жинсий зўравонликка учраган. Аёлларнинг 24 фоизи сўнгги 12 ой ичида зўравонликка учраганини айтишган. Жисмоний зўравонлик никоҳдаги зўравонликнинг энг кенг тарқалган шакли бўлиб, ундан кейин психологик зўравонлик келади," - деди Малика Жўрақулова.
Таъкидлаш жоизки, БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитаси - СEDAW тавсияларидан бири аёллар учун шелтерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мамлакатда аёлларнинг учдан бир қисми ўз эрлари ва яқин қариндошлари томонидан зўравонликка учрайди, аммо уларнинг аксарияти бу ҳақда сукут сақлашни афзал кўради.