Ссылки доступа

Урсула фон дер Ляен Еврокомиссия раҳбари этиб қайта сайланди


Европарламентнинг янги чақириғи депутатлари олдидаги дастурий нутқида фон дер Ляен Украинани "қанча керак бўлса, шунча" қўллаб-қувватлашда қатъий эканини айтди.

Европа парламенти пайшанба куни Европа комиссиясига иккинчи беш йиллик муддатга Урсула фон дер Ляен номзодини маъқуллади. 720 депутатдан 401 нафари уни қўллаб-қувватлади - бу зарур бўлганидан 40 тага кўп эди. 284 депутат қарши чиқди, 15 нафари бетараф қолди.

Германия ХДС аъзоси фон дер Ляен Европарламентдаги энг йирик фракция - ўнг марказчи Европа халқ партияси вакили. Унинг номзодини аввалроқ Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари ҳам маъқуллаган эди.

Энди фон дер Ляен Европа комиссиясининг янги таркибини тузиши керак. Еврокомиссияда янги лавозимлар пайдо бўлади - хусусан, тарихда илк бор мудофаа масалалари ҳамда уй-жой сиёсати масалалари бўйича комиссар лавозими жорий этилмоқда.

Европарламентнинг янги чақириғи депутатлари олдидаги дастурий нутқида фон дер Ляен Украинани "қанча керак бўлса, шунча" қўллаб-қувватлашда қатъий эканини айтди.

У тўғридан-тўғри Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг номини тилга олиб, унинг яқинда Москвага қилган сафари, Орбан айтганидек, "тинчлик" миссияси эмас, балки "тинчлантириш"га уриниш эканлигини айтди. Бу билан фон дер Ляен 1938 йилдаги Франция ва Буюк Британия Гитлерга нисбатан қўллаган "тинчлантириш" сиёсатига ишора қилди. "Тинчлантириш сиёсати" оқибатида Чехославакия Германияга топширилган эди.

Фон дер Ляен Европа Иттифоқини янада кенгайтириш, жумладан, Украина, Молдова ва Грузияни иттифоққа қабул қилиш тарафдорлигини айтди, бироқ уларнинг Европа Иттифоқига қабул қилиниши уларнинг ютуқларига боғлиқлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG