Ссылки доступа

Eriell ва Enter Engineering: Нафақат ишчилар, профессорлар ҳам маошини вақтида ололмаяпти


Enter Engineering ва Eriell ширкатларида ишчиларнинг ойлик маошларини вақтида бермаслик сурункали муаммо.
Enter Engineering ва Eriell ширкатларида ишчиларнинг ойлик маошларини вақтида бермаслик сурункали муаммо.

Ўзбекистон энергетика секторида кўп миллиард долларлик мега-лойиҳаларни амалга ошираётган Eriell Group ва Enter Engineering ширкатининг юзлаб ишчилари яна маошлари берилмаётганидан шикоят қилмоқда.

“Беш ойдан бери ойлик йўқ. Ҳар замонда 400 минг сўм пластикка ташлаб қўйилади, бўлди. Бошқа пулларимиздан дарак йўқ. Декабрникини январда берди, уни ҳам бўлиб-бўлиб берди. Ҳозир ҳисобласак беш ойлик ҳақимизни бермаяпти”, - дейди ишдан ҳайдалиши хавфи боис исмини очиқламаган Eriell Group ишчиси.

Ишчиларнинг сўзларига кўра, Eriell Group ва Enter Engineering ширкатларида сўнгги уч йил ичида ойликлар кечикиши доимий тус олган, бироқ меҳнат ҳақининг 5 ой давомида берилмаслиги илк бор кузатилмоқда.

Ишчиларнинг айтишларича, иш ҳақини сўраб раҳбариятга шикоят қилганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда.

Ишчилар ойлик маошлари кечикиши билан бирга тўланадиган меҳнат ҳақидаги улкан тафовутдан ҳам норози.

“Мен сваршчик, жазирамада тиним билмай ишлаймиз. 5 миллион сўм ойлик. Шуни ҳам кўп кўришяпти. Қозоғистонлик, ҳиндистонлик, туркиялик, россиялик ишчилар ҳам бор. Уларга тўрт-беш баравар кўп беради. Ҳозир уларнинг ойлиги ҳам кечикяпти. Шикоят қилиб борсангиз, аризангни ёз, кетавер дейди”, - дейди Enter Engineering ​ширкатининг ходими.

Eriell Group кўмагида 2023 йилда Самарқандда очилган Халқаро технология университетининг маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилари ҳам ойликсиз қолганликларини айтишмоқда.

Eriell Group ва Enter Engineering ширкатининг Ўзбекистон бўйлаб 200 дан ортиқ объекти бор. Катта-кичик бу объектларда қурилиш, таъмир, қайта таъмир ёки модернизация лойиҳалари амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ишлаётган ширкат ишчилари ўзларининг Телеграм каналида беш ойдан буён маош ололмаётганидан ёзғиришади.

Озодлик ойликлар кечикаётгани сабабини сўраб Eriell Group ширкатига боғланди. Ширкат ходими Озодлик саволини эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ишчиларига ойлаб маош бермаётган ҳар икки компания - Enter Engineering ва Eriell Озодликнинг қатор суриштирувлари марказида бўлган Кремлга яқин олигарх Бахтиёр Фозиловга тегишли.

Бу ширкатлар Ўзбекистоннинг кон-металлургия, газ ва нефть, туризм, турли ишлаб чиқариш объектлари модернизацияси, айрим йирик бинолар эксплуатацияси каби 228 та лойиҳани қўлга киритган. Нашр битимнинг президент Путин рухсати билан амалга оширилганини таъкидлаган.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил касаба уюшмаларининг йўқлиги меҳнат ҳуқуқларининг мунтазам бузилиши ва мажбурий меҳнатга сабаб бўлаётганини таъкидлаб келадилар.

Ўзбекистонда ойликлардан қарздорлик бўйича статистик маълумотлар эълон қилинмайди, аммо ҳам давлат, ҳам хусусий сектор корхоналарида ойлик маошларни вақтида ёки тўлиқ бермаслик сурункали муаммога айланган.

XS
SM
MD
LG