Россия Миграция хизматида рўйхатдан ўтказиш учун тожикистонликлардан иш берувчининг аризаси ва меҳнат шартномаси сўралмоқда.
Бу қўшимча ҳужжатлар бошқа мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирларидан талаб этилмаяпти, дея шикоят қилмоқда Москвадаги 60 дан ортиқ тожик муҳожири Озоди радиоси билан суҳбатда. Уларнинг айтишича, бундай талабга улар илк бор дуч келмоқда.
“Масалан, Ўзбекистон фуқароларидан бешта, Тожикистон фуқароларидан эса олтита ҳужжат талаб этилмоқда. (ЕОИИ таркибига кирувчи Қирғизистон фуқаролари учун соддалаштирилган тартиб мавжуд – муҳаррир эслатмаси)”, дейди улар.
Аввал Миграция хизматида рўйхатдан ўтиш учун тожикистонликлардан паспорт, миграция картаси, бармоқ изи олинганлиги ҳақидаги гувоҳнома, патент ва вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳно талаб қилинар эди. Эндиликда тожикистонликлар иш берувчининг аризасини ҳам тақдим этишлари лозим бўлмоқда. Аризада иш берувчи, жумладан, Тожикистон фуқаросини "Россия қонунчилиги талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжудлиги" ҳақида огоҳлантирганини айтиши ҳамда "аризада кўрсатилган чет эл фуқароси Россия қонунчилигига риоя этишини таъминлашини" кафолатлаши лозим.
Аслида иш берувчининг аризасини ҳам тақдим этиш талабларда бор эди, бироқ бу талабга одатда амал қилинмас эди. Эндиликда эса ушбу талаб фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан татбиқ этилмоқда.
Крокус Сити Холлга ҳужум ортидан Россияда ксенофобия ва марказий осиёлик муҳожирларга, айниқса тожикистонликларга қарши кайфият кучайди. Муҳожирларнинг айтишича, уларни полиция ёки Миллий гвардия тўхтатиб, ҳужжатларни синчиклаб текшириши ва кичик хато учун ҳам депортация қилиши ҳоллари кўпайган. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Россиядан депортация қилинаётганлар сони икки баробар кўпайган.
Чегарада Россияга киритилмаганлар сони ҳам ошди: агар 2023 йилнинг биринчи уч ойида 55 минг хорижлик Россияга киритилмаган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 79 минг нафарга кириш рухсат берилмаган. Хорижликларга берилган вақтинча "прописка" 40,9 фоизга, яшаш учун рухсатномалар эса 20,1 фоизга камайган.
"Ноқонуний миграция" моддаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар сони 2,5 баробар ошган.