Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Тожикистон ҳукуматини журналист Аҳмад Иброҳимни озод қилишга чақирди.
Кўлобда ягона мустақил газета бўлмиш "Пайк"нинг бош муҳаррири 12 августда қўлга олинганди.
"Аҳмад Иброҳимнинг ҳибсга олиниши Тожикистоннинг оғир медиа муҳитида танқидий журналистиканинг ҳар қандай шакли қанчалик хавфли эканлигининг яна бир эслатди," - деди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурий координатори Гулноза Саид.
"Тожикистон ҳукумати Иброҳимни, шунингдек, ҳозирда касбий фаолияти учун қамоқда сақланаётган яна етти журналистни озод қилиши ва оммавий ахборот воситаларига эркин ишлашга рухсат бериши керак," - дейди у.
Аввалроқ Тожикистон мухолифатининг хориждаги икки ташкилоти ҳам журналист Аҳмад Иброҳимни озод қилишни талаб қилган эди.
Хатлон вилоятида "Пайк" ҳафталик газетасининг бош муҳаррири Аҳмад Иброҳим 12 август куни пора беришда айбланиб ҳибсга олинганди.
Аҳмад Иброҳимнинг дўстларидан бири 16 август куни Озодлик радиоси билан суҳбатда журналист пухта ўйланган режанинг қурбонига айланганини маълум қилди. Бунда асосий ролни маҳаллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ўйнаган.
Бу, журналист ўз материалларида бир неча бор танқид қилган маҳаллий амалдорларнинг қасоси эканлиги айтилмоқда.
"Аҳмад мамлакат президентининг сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлайди. У мухолифат билан бўлган баҳсларда доимо президентни ҳимоя қилган. Президент хабар топса, уни озод қилишади, деб ўйлайман. Бу маҳаллий амалдорларнинг иши," - деди Озодлик суҳбатдоши.
Аҳмад Иброҳим 62 ёшда. У газетани 2012 йилдан бери чиқаради. Баъзан молиявий муаммолар деб нашр чиқарилиши тўхтатилган даврлар ҳам бўлган.
Кўлобда ягона мустақил газета бўлмиш "Пайк"нинг бош муҳаррири 12 августда қўлга олинганди.