Ссылки доступа

Байден Трампнинг иммунитети ҳақидаги Олий суд қарорини танқид қилди


АҚШ Президенти Жо Байден
АҚШ Президенти Жо Байден

Суднинг бу қарори Байденнинг рақиби, собиқ президент Доналд Трампнинг ғалабаси сифатида кўрилмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден Олий суднинг президентлик дахлсизлиги тўғрисидаги қарорини танқид қилди. Суднинг бу қарори Байденнинг рақиби, собиқ президент Доналд Трампнинг ғалабаси сифатида кўрилмоқда.

"Бу мамлакат Америкада қирол бўлмайди деган тамойилга асосланган эди," - деди Байден ва ҳеч ким қонундан юқори турмаслигини қўшимча қилди. Олий суд қарори, Байденга кўра, "бу вазиятни тубдан ўзгартирмоқда."

Байден, шунингдек, жамоатчилик Трампнинг 2021 йил 6 январ фитналаридаги роли ҳақида "билиш ҳуқуқига" эгалигини, бу энди сайловлардан кейин содир бўлиши мумкинлигини айтди.

АҚШ Олий суди душанба куни Доналд Трампни у президентлик чоғида содир этган расмий хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиб бўлмаслиги тўғрисида қарор чиқарди. Лекин хусусий ишлари учун унга нисбатан ҳамон чора кўрилиши мумкин.

Шу билан бирга, президентнинг айнан қайси ҳаракатлари таъқибдан ҳоли ва қайсиниси ҳоли эмаслигининг аниқ талқини Олий суд томонидан қуйи инстанция судларига ҳавола этилди.

Энди Трампнинг иши қуйи инстанция судига кўриб чиқишни давом эттириш учун жўнатилади.

Шу билан, шарҳловчиларнинг таъкидлашича, Олий суд Трампнинг даъвосини тўлиқ қаноатлантирмаган бўлса-да, эҳтимолан президентлик сайловларига қадар 6 январ воқеалари бўйича унга нисбатан ҳукм чиқаришни имконсиз қилиб қўйган.


Ўтган йилнинг 6 январь куни Трамп ўз тарафдорлари қаршисида нутқ сўзларкан, сайлов натижаларини ҳеч қачон тан олмаслиги, уларни сохталаштирилган деб ҳисоблашини айтган эди. Шундан сўнг кўп ўтмай оломон депутатлар Байденнинг ғалабасини тасдиқлашга ҳозирлик кўраётган Капитолий биносига бостириб кирган. Трамп “Твиттер”да ҳужум қилганларни босиқликка чақирган, аммо уларнинг тажовузкорлигини қораламаган.

Ўша тартибсизликлар муносабати билан 720 дан ортиқ киши турли ҳуқуқбузарликларда айбланган, айримларига қамоқ жазоси тайинланган. Конгрессда Трампга импичмент эълон қилинган, аммо Сенатда уни қоралаш учун овозлар сони етишмаган.

XS
SM
MD
LG