Ссылки доступа

Оқтовда яна бир ҳарбийнинг жасади топилди


Дастлабки маълумотларга кўра, ҳарбий хизматчи оилавий-маиший можаро оқибатида ўзини осиб ўлдириш орқали ўз жонига қасд қилган.

Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий ўз квартирасида ўлик ҳолда топилди, деб хабар берди "Lada" нашри.

Оқтов гарнизони матбуот хизмати маълумотига кўра, Оқтов гарнизони ҳарбий қисмларидан бирида 1985 йилда туғилган ҳарбий хизматчининг жасади 28 сентябрь куни топилган.

Маълум қилинишича, у ўтган йилдан буён болани парваришлаш бўйича таътилда бўлган.

"Дастлабки маълумотларга кўра, ҳарбий хизматчи оилавий-маиший можаро оқибатида ўзини осиб ўлдириш орқали ўз жонига қасд қилган. Сабаб ва ҳолатлар аниқланмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган," - дейилади Оқтов гарнизони матбуот хизмати хабарида.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда 2020 йилдан 2023 йил апрелигача 270 киши Қуролли Кучларда ҳалок бўлган. Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, ҳолатларнинг деярли 90 фоизи ҳарбий хизмат билан боғлиқ эмас. Қурол-яроғ билан эҳтиётсизлик билан муомала қилиш, техникадан фойдаланишда хавфсизлик чораларини бузиш, хизматдан ташқари вақтларда йўл-транспорт ҳодисалари, касаллик, ўз жонига қасд қилиш ҳарбийлар ўлими ва жароҳатланишининг асосий сабаблари сифатида кўрсатилади.

XS
SM
MD
LG