40 га яқин давлат органлари раҳбарлари ҳар ойда Қирғизистон Президенти жамғармасидан қўшимча маош олиб келмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари Садир Жапаров "Кабар" ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Жапаров бу раҳбарларга "иш жойида ўғирлик қилмасликлари учун" моддий ёрдам бераётганини айтган. Президент тўловлар миқдорини маълум қилмаган, лекин маблағлар бюджетдан эмаслигини таъкидлади.
Жапаровнинг сўзларига кўра, бундай ёрдам олганлар орасида яқинда қўлга олинган Транспорт воситалари ва ҳайдовчилар таркибини рўйхатга олиш давлат агентлиги раҳбари Рустам Жокоев ҳам бор эди. У жамғармадан ойига 2 минг доллар қўшимча маош олган.
"У нима учун ҳибсга олингани билан шахсан қизиқдим. Маълум бўлишича, улар тизим яратиб, ҳайдовчилик гувоҳномаларини сотган. Ҳатто 40 минг сўмдан 80 минг сўмгача бўлган ставкани ҳам белгилашган. Албатта, барча гувоҳномалар 100% сотиб олинмаган, фуқароларнинг 90% га яқини имтиҳонни ўзи топширган. Тахминан 10% гувоҳномалар сотиб олинган. 10 фоиз эмас, ҳатто битта ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам сотилмаслиги керак," - деди президент.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Транспорт воситалари ва ҳайдовчилар таркибини рўйхатга олиш давлат агентлигида (собиқ "Unaa" давлат корхонаси - таҳр.) "мураккаб" коррупция схемаси аниқлангани ҳақида хабар берганди.
Махсус хизмат маълумотларига кўра, агентлик ходимларидан ҳайдовчилик гувоҳномасини пулга сотиб олиш мумкин бўлган, улар шунингдек муайян миқдор эвазига имтиҳонларни муваффақиятли топширишга ёрдам берган.
"Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш секторидаги биргина филиалида ойлик ноқонуний тушум миқдори тахминан 10 млн сўмни ташкил этган," - дейилади хабарда.
"Коррупция" моддаси билан жиноий иш очилган, ноқонуний схема иштирокчилари қамоққа олинган. МХДҚ мазкур давлат агентлигида "жиноий схеманинг барча иштирокчилари"ни аниқлаш бўйича тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Аввалроқ, маҳаллий ОАВ ўз манбаларига таяниб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси агентликнинг бир нечта ходимларини, шу жумладан директори Рустам Жокаевни ҳибсга олгани ҳақида хабар берган эди.
Қирғизистонда мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари сони кўпайиб бораётгани сабабли ҳайдовчилар гувоҳномасини олиш жараёни устидан назоратни кучайтиришга чақириқлар бир неча бор янграган. ЙҲХББ маълумотларига кўра, 2024 йилнинг олти ойида Қирғизистонда 3 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларда 280 киши ҳалок бўлган. ЙТҲларнинг 92 фоизи ҳайдовчилар айби билан содир бўлган.
Қирғизистон президенти 40 нафар раҳбарга "моддий ёрдам" кўрсатилиб келинаётганини маълум қилди
Жапаров бу раҳбарларга "иш жойида ўғирлик қилмасликлари учун" моддий ёрдам бераётганини айтган.