Кўргазмага дунёнинг 29 та коллекциясидан 300 дан ортиқ буюмлар киритилган.
Кўргазма милодий 500 дан 1000 йилгача бўлган даврда Ипак йўли бўйлаб одамлар, объектлар ва ғоялар ҳаракати маданият ва тарихнинг шаклланишига қандай хизмат қилганини очиб беради, деб хабар қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.
Silk Roads кўргазмаси фонднинг дунёга машҳур музей билан илк ҳамкорлиги бўлди. Унга тайёргарлик Ўзбекистон архивлари билан уч йил давом этди.
Ўзбекистондан 14 та артефакт Буюк Британияда илк бор намойиш этилмоқда. Улар орасида — Афросиёб, Варахша ва Кофир-Қалъа қалъасидаги сарой паннолари; Самарқанд вилоятидаги уй-рўзғор буюмлари ва дунёдаги энг қадимий шахмат тўпламлари; қопқоқли оссуарий, сўғд ёзувлари туширилган кумуш товоқ ва бошқа қимматбаҳо топилмалар бор.
Кўргазмада Афросиёбдаги VII асрга оид «Элчилар зали»дан 1965 йилда йўл ишлари чоғида тасодифан топилган расм парчаси ҳам тақдим этилган.
Кўргазма 2024 йил 26 сентябрдан 2025 йил 23 февралга қадар ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.