Расмий билдиргига кўра, Дуглас Вейк бошчилигидаги миссия Тошкентда фаолият олиб борадиган 14 нафар халқаро эксперт ва 2 октябрдан бутун мамлакат бўйлаб жойлаштириладиган 26 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат.
Шунингдек, сайлов арафасида 300 нафар қисқа муддатли кузатувчи ҳам келади.
“Миссия сайловларнинг ЕХҲТ ва бошқа халқаро мажбуриятларга ва демократик сайловлар стандартларига, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, экспертлар сайловнинг барча жабҳалари, жумладан, сайловдан олдинги ва кейинги воқеаларни диққат билан кузатиб боради. Хусусан, ҳуқуқий базанинг ҳаётга татбиқ этилиши, сайловолди ташвиқотнинг ижтимоий тармоқларда ёритилиши, сайлов бошқаруви органлари фаолияти, сайловдаги низоларни ҳал этиш ва оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларига алоҳида эътибор берилади.
ДИИҲБ миссияси сайловнинг эртаси куни дастлабки хулосаларни тақдим этади. Якуний ҳисобот бир неча ой ичида жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.
ДИИҲБ кузатув миссияси ўтган йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум ва референдумолди жараёнларини кузатиш учун Ўзбекистонга келган эди. Ўшанда чекланган кузатув миссияси таркиби атиги 24 кишидан иборат бўлган.
ЕХҲТ миссияси президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач ўтказилган иккита парламент ҳамда учта президент сайловларида сайлов қонунчилиги такомиллаштирилгани, аммо овоз бериш жараёнларида сиёсий рақобат кузатилмаганини айтган.
Ташкилот Ўзбекистон Адлия вазирлиги янги, мухолиф қарашдаги фаолларнинг сиёсий партияга бирлашиш уринишлари қаршиликларга учраганини танқид қилган.