Ссылки доступа

Тошкентда мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланмоқда


2030 йилдан Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилоятида жойлашган иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади.

Ўзбекистон президенти 24 сентябрь куни имзолаган “Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда шу талаб илгари сурилган.

Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда чанг бўронларига қарши курашиш бўйича 2024−2030 йилларга мўлжалланган миллий дастур тасдиқланган.

2028 йилгача кучли чанг бўронлари ҳосил бўлиш суръатини ҳозиргига нисбатан 50 фоизга қисқартириш учун бир қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, пойтахтга туташ туманлардаги 1,2 мингдан ортиқ иссиқхонада фойдаланилаётган кўмир ёқилғисининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатилиш топширилган.

Атроф-муҳитни муҳофаза этиш чораларини кучайтириш доирасида масъулларга келгуси беш йил ичида Тошкент шаҳри ва вилоятида 441 гектар “яшил белбоғ”, “яшил боғлар” ташкил қилиш мажбурияти юкланган.

Қарорга кўра, 2028 йилдан “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш ҳам босқичма-босқич чекланади.

Жамоатчилик куз-қиш мавсумида марказлашган иссиқлик етказиб беришда мазутдан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлослантираётганидан шикоят қилиб келади.

Ўзбекистон пойтахти қиш мавсумида дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича бир неча марта биринчи ўринда қайд этилган.

XS
SM
MD
LG