Ссылки доступа

Қирғизистонда прокурор Temirov Live'га алоқадор 11 журналистга 6 йил қамоқ муддатини сўради


Прокурор суддан уй қамоғига қўйиб юборилган журналистларни ҳам қайта ҳибсга олишни сўради. 

Қирғизистонда прокурор журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ёки собиқ 11 нафар ходимининг барчасига 6 йил қамоқ муддатини сўради.

Бу ҳақда 26 сентябрь куни Бишкекнинг Ленин туман судида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида иштирок этган Озодлик мухбири хабар бермоқда.

Прокурор суддан уй қамоғига қўйиб юборилган журналистларни ҳам қайта ҳибсга олишни сўради.

Аввалроқ Бишкек туман суди январда ҳибсга олинган 11 нафар журналистдан 4 нафарини яна икки ойга ҳибсда қолдирган эди. Суднинг қарорига кўра, журналистлар 8 августгача изоляторда сақланади. Қолган журналистлар уй қамоғига ўтказилганди.

16 январь куни журналистик суриштирувларга ихтисослашган Temirov Live лойиҳасининг амалдаги ва собиқ ходимлари ҳибсга олинган эди. Журналистлар “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" ва "оммавий тартибсизликларга чақириш”да айбланмоқда. Улар суд томонидан айбдор деб топилган тақдирда 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

19 январь куни Президент Садир Жапаров Қирғизистонда журналистлар оммавий тартибда ҳибсга олинаётгани, қатор таҳририятларда тинтув ўтказилаётгани борасида изоҳ берар экан, ҳибсга олинганлар “профессионал журналист эмас”лигини ва улар “ижтимоий тармоқларда турли маълумотларни эълон қилиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини” айтган.

Қирғизистон 2023 йилда матбуот эркинлиги бўйича халқаро рейтингда 50 поғонага пастлаб кетган. 2022 йилда Қирғизистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингида 72-ўринда бўлган, 2023 йилда эса 122-ўринга тушиб қолган.

XS
SM
MD
LG