Москва ва Москва вилоятида қирғизистонлик муҳожирларнинг 200 дан ортиқ болалари мактабга қабул қилинмади. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фарзандларини мактабга жойлай олмаётган Қирғизистон фуқароларининг мурожаатига муносабат билдирди.
Вазирлик айтишича, август ойидан бу турдаги шикоятлар кўпайган. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия давлат органларига, шу жумладан Россия президенти администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Москва таълим департаментига мурожаат йўллаган.
"Россия томонининг маълумотларига кўра, болаларни таълим муассасаларига қабул қилишдаги қийинчиликлар, биринчи навбатда, баъзи мактабларда бўш ўринлар йўқлиги билан боғлиқ," - дейилади Қирғизистон ТИВ хабарида.
Шунингдек, вазирлик бу масала Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихонанинг алоҳида назорати остида эканлигига ишонтирди.
Расмий маълумотларга кўра, Россияда 411 мингдан ортиқ қирғизистонликлар истиқомат қилади. Бироқ улар орасида мактаб ёшидаги болалар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Москва ва Москва вилоятида қирғизистонлик муҳожирларнинг 200 дан ортиқ фарзанди мактабга қабул қилинмаяпти
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу масала алоҳида назоратга олинганига ишонтирмоқда.