Ссылки доступа

Тожикистон муфтийсига ҳужум безорилик сифатида малакаланмоқда


Муфтий ўз ваъзлари ва ОАВ билан суҳбатларида бир неча бор экстремистик гуруҳларга қарши чиққан. Сўнгги йилларда радикал жиҳодчи гуруҳлар интернет орқали муфтийга бир неча бор таҳдид қилганди.

Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзодага уюштирилган ҳужум "безорилик" сифатида малакаланмоқда. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.

11 сентябрь куни Душанбеда Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзодага ҳужум уюштирилганди. Ҳужум Марказий жоме масжидида аср намозидан сўнг содир бўлган. Бир ёш йигит фуқаролар билан гаплашиб турган Тожикистон муфтийсининг пешонасига пичоқ билан урган. У дарҳол қуролсизлантирилиб, етиб келган милицияга топширилган.

ИИВ матбуот маркази бу хабарни тасдиқлаб, ҳужумчи муфтийни "безорилик ниятида санчиб-кесадиган нарса билан" ярадор қилганини таъкидлади.

ИИВ хабарида айтилишича, ҳужумчи қўлга олинган, бироқ унинг шахси ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Саидмуқаррам Абдулқодирзоданинг ўзи Озодлик радиоси билан қисқа суҳбатда: "Хавотирланишга асос йўқ, соғлиғим яхши," - деган эди.

Абдулқодирзода 61 ёшда, 2010 йилдан буён Тожикистонда фатволар чиқариш ҳуқуқига эга ягона орган - Ислом маркази Уламолар кенгаши раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Муфтий ўз ваъзлари ва ОАВ билан суҳбатларида бир неча бор экстремистик гуруҳларга қарши чиққан. Сўнгги йилларда радикал жиҳодчи гуруҳлар интернет орқали муфтийга бир неча бор таҳдид қилганди.

XS
SM
MD
LG