Ссылки доступа

Бухорода атмосферани булғаган 120 чоғли мулозим жазоланди


Бухоро вилоятида жорий йил бошидан буён атмосферани ифлослантирганликда айбдор кўрилган 117 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган. Улар қурилиш чиқиндилари ва бошқа чиқинди турларини ёқиш, дала ва аҳоли пунктларида хазон, шох-шаббаларга ўт қўйиш каби ҳуқуқбузарликларни содир этишган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумот тарқатди.

Мулозимлар ҳуқуқбузарлиги Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларининг бузилишига қарши ўтказиб келинаётган назорат рейдлари чоғида аниқланган.

Қайд этилишича, рейд давомида ўтган 9 ой ичида вилоят бўйлаб жами 1 минг 356 нафар фуқаро томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани маълум бўлган.

“Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 88-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузарлар жами 332 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди”, дейилган хабарномада атмосферани муҳофаза қилиш талаблари бузилишига қарши рейдлар ҳали ҳам давом этаётгани, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилган.

XS
SM
MD
LG