Ўзбекистон президенти ўз нутқида можаролару санкцияларнинг минтақадаги сиёсат ва иқтисодиётга салбий таъсири айнан нималарда акс этаётганига тўхталган эмас.
Саммитдаги нутқида президент Мирзиёев Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шериклик ўрнатилганини юқори баҳолаб, устувор йўналишларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни таклиф этган. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун “Марказий Осиё – Германия” таҳлил марказлари форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этган президент Мирзиёев Ўзбекистон томони форумнинг биринчи мажлисини келгуси йили Хивада ўтказишга тайёр эканини қайд этган.
Ўз нутқида Ўзбекистон президенти Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестициявий ва технологик шерикликни кучайтириш, Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида ўта муҳим хомашё ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш зарурлигини урғулаб, “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш аҳамиятига тўхталган.
Мирзиёевга кўра, Транспорт коммуникациялари, шу жумладан, ерусти ва ҳаво ташувлари яхши ривожланмагани ҳамкорликни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда.
“Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш борасида Европа институтларини жалб этишда Германиянинг кўмагига умид қиламиз. Келгуси йилда бундай йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини топиш бўйича вазирларнинг қўшма конференциясини ўтказишни таклиф этамиз”, деган Ўзбекистон президенти Остонадаги саммитда.
Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан узвий боғлиқлигини таъкидлаган Мирзиёев Ўзбекистон Германия ва Европадаги бошқа шериклар билан биргаликда бу мамлакатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш, чегара ёнида жойлашган Термиз шаҳридаги таълим марказида Афғонистоннинг тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар, жумладан, хотин-қизларни тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини қўшимча қилган.
Нутқ якунида президент Мирзиёев “Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиё минтақаси билан кўп қиррали ҳамкорлик бўйича салоҳияти янада тўлиқроқ рўёбга чиқишидан манфаатдор”лигига алоҳида эътибор қаратган.
Ўзбекистон президенти қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 17 сентябрь тонгида “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
Мазкур саммитда Шавкат Мирзиёев, мезбон президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва ГФР канцлери Олаф Шольцдан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этган.