Ссылки доступа

Ўзбекистон ва АҚШ божхона соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилади


Ўзбекистон-АҚШ божхона хизмати раҳбарлари Вашингтонда божхона соҳасида “Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги битимни имзолашган.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси маълумотига кўра, мазкур ҳужжатга божхона қўмитаси делегациясининг Америка Қўшма Штатларига сафари доирасида қўл қўйилган. Маълумотларга кўра, бу Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўзбек божгирларининг АҚШга қилган илк расмий сафаридир.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳамда АҚШ Чегара ва божхона хизмати комиссари Трой Миллер томонидан имзоланган битим икки давлат ўртасида божхона соҳасида ахборот алмашиш имконини бериб, гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, божхона тўловларидан бўйин товлашга қарши курашишда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши урғуланган.

Қўмита хабарномасида АҚШ божхона соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи бу каби икки томонлама битимни дунёдаги бор-йўғи 17 та давлат билан имзолагани, Ўзбекистон бу рўйхатда 18-давлат бўлгани таъкидланган.

Қайд этилишича, икки давлат божхона расмийлари ўртасидаги музокараларда АҚШ чегара ва божхона хизматининг таргетлаш бўйича мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек ўзбекистонлик мутахассисларнинг АҚШда малака ошириш имкониятлари кўриб чиқилган.

“Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Миллий таргетлаш маркази, Кинология академияси, Техасдаги Сан-Антонио халқаро аэропорти, Ларедо шаҳридаги “World Trade Bridge” авто чегара божхона пости, "Техас-Мексика" халқаро темир йўл ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишишлари режалаштирилган”, дейилган Божхона қўмитаси хабарномасида.

XS
SM
MD
LG