Ссылки доступа

Европадаги тошқинларда бир неча киши қурбон бўлди


Марказий ва Шарқий Европада расмийлар ва маҳаллий аҳоли ичидан бўлган кўнгиллилар шиддатли жала ва у туфайли юзага келган тошқинлар оқибатига қарши курашиш уринишларини давом эттиришмоқда. Бир неча мамлакатда кўплаб аҳоли пунктларини сув босган, қурбонлар бор.

Руминия расмийлари ёғингарчилик натижасида мамлакатда камида тўрт киши ҳалок бўлгани, яна икки киши бедарак кетганини билдиришган. Чехияда тўрт киши бедарак йўқолган. Польшада бир киши чўкиб кетган.

Тезкор хизматлар Австрия, Чехия, Польша ва Руминиянинг пасттекисликдан иборат ҳудудларида тошқинга қарши чора-тадбирларни кучайтиришган. Польшада сув омбори тўлиб-тошиши билан боғлиқ хавфли вазият туфайли мамлакат жанубий-шарқидадаги Межигорже аҳоли пункти аҳолисини эвакуация қилган. Польшанинг Чехия чегарасидан унча узоқ бўлмаган Глухолази шаҳрида кўприк қулаб тушган. Строне-Шлёнске шаҳрида эса тошқин туфайли тўғон ўпирилган.

Чехияда чорак миллионта уй электрсиз қолган. Бу, жумладан ер юмшаб кетгани туфайли электр узатиш линиясига дарахтлар қулагани билан боғлиқ. Энг қийин вазият Моравия ва Силезияда юзага келгани айтилмоқда. Тошқин важидан Опава, Есеник, Крнов аҳолисининг бир қисми эвакуация қилиняпти. Ганушовице шаҳри кўчалари қарийб бутунлай сув остида қолган, бир неча уй қулаган.

Чехия пойтахти Прагада ҳам расмийлар сув тошқинига қарши тезкор чораларни кўришмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский якшанба оқшомидаги видеомурожаатида Киев тошқиндан зарар кўрган мамлакатларга украиналик қутқарувчилар ёрдамини таклиф қилганини билдирган. Аввалроқ Чехия ТИВ раҳбари Ян Липавский Украинадан ёрдам таклифи тушганини маълум қилган. Чехия ва Марказий Европанинг бошқа мамлакатлари сўнгги йилларда Россия босқинидан қочиб келган юз минглаб украиналикни қабул қилган эди.

Австрияда ўнлаб муниципалитет офат ҳудуди деб эълон қилинган. Пенцинг ҳудудида Дунай дарёси тошгани туфайли пойтахт Венада ҳам тошқин бошланган. Дунайга қуйилувчи Камп ва Кремс дарёларида сув сатҳи кўтарилгани қайд этилган.

Маълумотларга кўра, Руминияда табиий офат 20 та муниципалитет ва 8 та уездда талафотларга сабаб бўлган, минглаб уйга шикаст етган. Ўн минглаб одам қийинчиликларга дуч келган, уларнинг бир қисми эвакуация қилинган. Бош вазир Марчел Чолаку табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Галац уездига қилган сафарида одамлар учун вақтинча бошпаналар барпо этилажагини эълон қилган. Мазкур уездда кўплаб автойўллар ва кўприклар тўсилган. Қутқарувчилар ҳарбийлар ёрдамида Галацдаги ҳамда Васлуй уездидаги турғунлар ёнига етиб бориш учун қайиқлардан ва бошқа усуллардан фойдаланишмоқда. Васлуйда одамлар уйларининг томига чиқиб, ёрдам кутиб ўтиришгани айтилмоқда.

Чехия, Польша, Венгрия, Словакия, Австрия ва Германия жанубида 13 сентябрь тонгидан буён кучли жала тинмаяпти. Табиий офатга “Борис” циклони сабаб бўлгани айтилмоқда. Метеорологлар тахминича, бу ҳудудларда ёғингарчилик 17 сентябргача давом этиши мумкин.

XS
SM
MD
LG