Қарағанда шаҳрида июль ойида ферроқотишма заводида печдан аланга отилганда саккиз киши жабрланган эди. Шулардан тўрт нафари вафот этган. Завод эгаси бўлмиш YDD Corporation 12 сентябрь куни жаримага тортилди. Суд ширкатни "давлат назорати ва бошқаруви органларига хизмат вазифаларини бажаришда тўсқинлик қилишда" айбдор деб топган ва 200 БҲМ миқдорида жарима солган. Айтилишича, завод эгалари ФВВ ходимларини зудлик билан воқеа жойига киритмай, қирқ дақиқа ташқарида ушлаб турган.
Баҳтсиз воқеа 20 июль куни содир бўлган эди. Домна печи бошлиғи лавозимида ишлаган 30 ёшли Музафар Исмоилов дарҳол ҳалок бўлган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, унинг танасининг 85 фоизи куйган эди. Яна уч ходим жонлантириш бўлимида вафот этган.
Қолган жабрланган 4 нафар ходим ҳамон шифохонада, улардан 2 нафари реанимацияда. Шифокорлар уларнинг аҳволини ўта оғир деб баҳоламоқда. Уларнинг танаси чуқур куйган. Икки нафар бемор интенсив терапия бўлимида даволанмоқда.
Бир кун аввал YDD Corporation тиббий ёрдам кўрсатиш учун Россиядан шифокорларни ҳамда онлайн маслаҳатлар учун Туркия ва Исроилдан мутахассислар жалб қилинганини маълум қилган эди. Шунингдек, компания "жабр кўрган ходимларнинг барча амалдаги кредитларини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олишини" маълум қилди.
Ширкат ҳодисани "штатдан ташқари ҳолат" деб атаган. Ҳолат юзасидан "эҳтиётсизлик оқибатида соғлиққа оғир шикаст етказилиш" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Заводда иссиқбардош пўлатлар учун ишлатиладиган ферроқотишмалар тайёрланади.
Қозоғистонда ферроқотишмалар заводида ходимлар ҳалокидан сўнг завод эгаси жаримага тортилди
Ўшанда 8 киши жабрланган эди, шулардан 4 нафар ходим вафот этган.