Мирзаободдаги оилавий боғчада шу йилнинг 7 август куни икки яшар ўғил бола томоғига овқат тиқилиб қолиши оқибатида тўсатдан вафот этгани ҳақида аввалроқ маҳаллий матбуот хабар қилган эди.
Болалар омбудсмани қайдича, ҳодиса ортидан Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра, И.С. нафас йўллари беркилиб қолиши натижасида (обтурацион асфиксия) вафот этган.
Хабарномада туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул шахслари бола туғилганидан буён унда аниқланган камқонлик (анемия) касаллигини шу кунга қадар даволаш чораларини кўрмагани, И.С.ни боғчага қабул қилишда эса боланинг умумий соғлиғи ҳақидаги маълумотнома олинмагани ҳамда бола 3 ёшга тўлмаган бўлса-да, тарбияланувчилар сафига қабул қилингани урғуланган.
“Жорий йилнинг 11 сентябрь куни И.С. нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул ходимларига нисбатан ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 192-11-моддаси 1-қисми (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилган Болалар омбудсмани хабарномасида айни пайтда жиноят иши бўйича Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.