АҚШ Адлия вазирлиги сайтида маълум қилинишича, 12 сентябрь куни суд томонидан Сент-Луисда истиқомат қилиб келган Омали Йешитела (82 ёш), Пенни Хесс (78 ёш), Жесси Невел (34 ёш) ва атланталик Огастес Ромейнни (38 ёш) хорижий давлат ҳукумати фойдасига ноқонуний фаолият олиб бориш учун тил бириктирганликда айбдор деб топилган.
Судга тақдим этилган маълумотларга мувофиқ, судланувчилар йўқ деганда 2015 йил майидан 2022 йил июлигача “АҚШ ҳудудида Россия ҳукумати фойдасига фаолият юритишган”.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, айбланувчиларнинг тўртови ҳам гўё “Россия аксилглобалистик ҳаракати” президенти Александр Ионов билан алоқада бўлишган. Ионовнинг ўзи, тергов иддаосига кўра, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Алексей Суходолов ва Егор Попов кўрсатмаси асосида ҳаракатланган.
Ионов 2022 йилда АҚШнинг санкция рўйхатига киритилган. АҚШ Адлия вазирлиги Ионовни, прокурорлар иддаосига кўра, “АҚШда адоват уруғини экиш учун ФСБга маълумот етказиб турган” америкалик фаолларнинг бир неча гуруҳи билан узоқ йиллар давомида ҳамкорлик қилганликда айблаб чиққан.
Судланувчиларнинг ҳар бири беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу борада суд ҳукми чиқариладиган сана ҳали белгиланган эмас. Айбланувчилар сиёсий қарашлари учун таъқиб қилинаётганини айтишиб, айбловни тан олишдан бош тортишган.