Мазкур божхона постидан бир кунда ўртача 10 минг нафар фуқаро ўтиши мумкин. У орқали 500 дан ортиқ юкли ҳамда 300 дан ортиқ енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланиши кутилмоқда.
Ушбу пост географик жиҳатдан бевосита Қирғизистоннинг “Ўш-Бишкек” довон авто йўлига яқин ҳисобланади, дейилади хабарда.
Хорижий ва миллий ташувчилар энг қисқа ва қулай йўналиш орқали водий вилоятларидан қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг нафақат чегарадош, балки хорижий давлатларга экспорти янада тезлашади.
Шунингдек, Тожикистон Республикаси Хўжанд вилоятидан Россия, Хитой ҳамда Қирғизистон давлатларига олиб ўтиладиган транзит юклар ҳам “Учқўрғон” чегара пости орқали ҳаракатланиши натижасида Андижон вилояти “Дўстлик” чегара постидаги транспорт оқими 30-40 фоизга камайиши кутилмоқда.
Аввал хабар қилинишича, шу куни Андижон вилоятидаги Қирғизистон билан чегарадош «Қорасув» чегара божхона пости 14 йиллик танаффусдан сўнг қайта очилди. Постдан кунига 12 мингдан ортиқ одам ўтиб-қайтиши мумкин.