Ссылки доступа

Қирғизистонда хорижликларга тажовуз учун жавобгарликни кучайтиришмоқчи


Қонун лойиҳасининг асослаш қисмида айтилишича, бундай чорага эҳтиёж май ойида Бишкекда чет элликларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганда сезилди.

Қирғизистонда хорижликларга тажовуз учун жавобгарликни кучайтиришмоқчи. Президент маъмурияти Жиноят кодексига чет эл фуқароларига ҳужум қилганлик учун жавобгарликни кучайтирадиган тузатишлар киритишни таклиф қилди. Таклиф 10 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қонун лойиҳасининг асослаш қисмида айтилишича, бундай чорага эҳтиёж май ойида Бишкекда чет элликларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганда сезилди. Тартибсизликлар натижасида 29 нафар хорижлик тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 15 нафари шифохонага ётқизилган. Тартибсизликларга 13 май куни пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида содир бўлган муштлашув сабаб бўлган.

Президент маъмурияти таклиф этаётган қўшимчаларга кўра, чет эл фуқаросига қилинган тажовузларнинг барча шакллари учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.

"Ушбу тузатишлар қулай ва хавфсиз инвестиция муҳитини таъминлашга, жумладан, мамлакат ҳудудида таҳсил олаётган ва таълим соҳасига молиявий маблағ киритаётган талабалар учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади," - дейилади таклифнинг асослаш қисмида.

Бишкекда 17 майдан 18 майга ўтар кечаси содир бўлган оммавий тартибсизликлар оқибатида Қирғизистон халқаро университетининг хорижий талабалар ётоқхонаси ва Аламудун қишлоғидаги чет эл фуқаролари ишлаётган тикувчилик цехи вайрон қилинган эди. Жами, ҳужумлар хорижликлар яшаётган еттита манзилда бўлиб ўтган.

XS
SM
MD
LG