Экофаоллар гуруҳи Олмаотада "АЭС керак эмас" платформасини тузганини эълон қилди.
Улар платформа орқали атом станциясига қурилишига қарши далилларини жамоатчиликка етказиш, шунингдек, фуқароларни АЭС хавф-хатарлари борасида хабардор қилиш ниятида.
Олмаотадаги матбуот анжуманида фаоллар, олимлар, экологлар Қозоғистон технология етказиб берувчи хорижий давлатга тўғридан-тўғри қарам бўлиб қолиши мумкинлигини айтган. Патформани биолог ва Голдман халқаро экологик мукофоти совриндори Кайша Атаханова, энергетика бўйича эксперт Асет Науризбаев, иқлим бўйича эксперт Вадим Ни, сиёсатшунос Асел Изтаева, эколог Гулсум Какимжанова тузган.
Вадим Ни АЭС қуриш ғояси ортида фақат сиёсат ётганини айтди. Унинг қайд этишича, референдумга фақат аҳоли АЭС қурилишини қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми, деган масала қўйилади. Аҳолига атом станциясини ким қуришини танлаш ҳуқуқи берилмайди.
Экологларнинг фикрича, Балхаш кўли бўйида АЭС қурилиши экотизимга ўнглаб бўлмайдиган зарар етказади.
"Референдум бизнинг фойдамизга бўлмаса ҳам, Қозоғистонда АЭС қуриш тарафдорлари узоқ йўлни босиб ўтишлари керак ва бу йўлда биз мухолифларни мағлуб этмоқчимиз, чунки биз Балхаш кўлида Чернобил ва Фукусима бўлишига рози эмасмиз", - деди Вадим Ни.
Асет Науризбаев Қозоғистонда электр танқислиги ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслигига амин. Унинг таъкидлашича, Энергетика вазирлиги Қозоғистон энергетика тизимини, шу жумладан АЭСсиз ривожлантириш сценарийларига эга. Науризбоев тоза қайта тикланадиган энергия манбалари, жумладан, шамол ва қуёшнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун гидроресурсларни мисол қилиб келтирди.
"Мамлакатимизда Бухтарма, Қапчоғай, Шўлба ва Мўйноқ сув омборлари каби энергия захиралари мавжуд - буларнинг барчаси энергия захиралари. Ва биз улар билан ишлашни биламиз. Шунинг учун 10-20 йил давомида бизда йиғувчилар билан умуман муаммо бўлмайди", - дейди Науризбоев.
2 сентябрь куни президент Қасим-Жомарт Тоқаев 6 октябрни Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказиш санаси деб эълон қилди. Парламентда сўзлаган нутқида у "глобал энергия танқислиги ортиб бораётгани" ҳақида гапирар экан "Биз ишончли ва экологик тоза энергия манбаларига жуда муҳтожмиз." деган эди.
"Менимча, атом энергетикасини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратиш керак. Ушбу турдаги генерация иқтисодиётимизнинг тез ўсиб бораётган эҳтиёжларини сезиларли даражада қондиришга қодир," - деди у.
АЭС қурилишига қарши бўлганларнинг айтишича, атом электр станцияси мамлакатга қимматга тушиши, экологик хавфсизлик ва аҳоли саломатлигига таҳдид солиши ва мамлакатни технология етказиб берувчига қарам қилиб қўйиши мумкин.
Улар платформа орқали атом станциясига қурилишига қарши далилларини жамоатчиликка етказиш, шунингдек, фуқароларни АЭС хавф-хатарлари борасида хабардор қилиш ниятида.