Агентлик қайдича, баённома “Ўзатом” директори Азим Ахмедхаджаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори ўринбосари – Халқаро фаолият блоки директори Николай Спасский иштирокида имзоланган.
“Ўзатом” агентлигининг АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Отабек Амановга кўра, имзоланган ҳужжат Ўзбекистонда биринчи кам қувватли АЭС қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича фаол ишларни бошлашга қадам ташлагани далолатидир.
“Бу эса яқин келажакда қурилиш майдончасида тўғридан-тўғри ишларни бошлаш имконини беради”, деган Отабек Аманов.
“Атомстройэкспорт”нинг Марказий Осиёда атом электр станцияларини қуриш лойиҳалари директори Павел Безруков ҳам “Росатом”нинг муҳандислик бўлими кам қувватли АЭСни жойлаштириш учун лицензия олиш ва қурилиш майдончасида қидирув ишларини олиб бориш бўйича фаол босқичга ўтишни бошлашини таъкидлаган.
“Ўзатом” маълумотига кўра, АЭС лойиҳаси бўйича дастлабки ишлар июнь ойида бошланган бўлиб, унда бўлажак атом электр станцияси қад ростлайдиган майдонда биринчи қурилиш штаби жойлаштирилиб, режалаштирилган муддатда ишларни бошлаш имконини берадиган устувор вазифалар белгилаб олинган.
Жиззах вилоятида Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигида кам қувватли атом электр станцияси қурилишига доир битим имзолангани Россия президенти Владимир Путиннинг май ойи охирида Тошкентга ташрифи чоғида эълон қилинган эди.
“Ўзатом” ва “Росатом”нинг ўша пайтда тарқатилган қўшма баёнотида Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватли олтита ректор) иншоот қурилиши ёзда бошланиши билдирилган.
“Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради”, дейилганди расмий хабарномада.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қурилажак АЭСни “ҳаётий аҳамиятга эга лойиҳа” деб атаган.
Айни пайтда АЭС қуриш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасисиз Россияга бериб юборилгани Ўзбекистонда ижтимоий тармоқ фаолларининг кескин эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик АЭС Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.