Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида оммавий заҳарланган 460 нафар бола ҳамон шифокорлар назоратида. Уларнинг 83 нафари шифохонага ётқизилган, 2 нафари реанимацияда. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг матбуот хизмати хабар берди.
Болаларнинг аҳволи барқарор эканлиги айтилмоқда. Жонлантириш бўлимидаги икки нафар боланинг саломатлиги яхшилангани сабабли умумий бўлимга ўтказили кутилмоқда.
"Ҳозирда заҳарланиш белгилари билан мурожаат қилган барча болалар тўлиқ ҳажмда зарур тиббий ёрдам, жумладан, психологик ёрдам олишмоқда. Жабрланганлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Штаб кеча-ю кундуз ишлайди," - дейилади бош вазир матбуот хизмати хабарида.
Бош вазир Олжас Бектоновнинг топшириғига кўра, бир ой муддатда бутун мамлакат бўйлаб мактаб ошхоналарида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши, хусусан, заҳарланиш ҳолатларининг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича мониторинг ўтказилиши керак.
"Мунайли туманидаги 8-мактабда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбдорлар жавобгарликка тортилади," - дейилади хабарда.
6 сентябрь куни ушбу мактабнинг 21 нафар ўқувчисининг ота-оналари тез ёрдамга мурожаат қилишди. Болалар қорин оғриғидан шикоят қилишган, тана ҳарорати кўтарилган. Якшанба куни шифохонада ўнлаб болалар ётгани хабар қилинганди. Мактаб ўқувчиларининг оммавий заҳарланиши ҳолати бўйича тергов бошланди.
Болаларнинг аҳволи барқарор эканлиги айтилмоқда.