Ссылки доступа

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан суд жараёни бошланди


Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод тумани суди собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ раҳбари Ҳусниддин Каримовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади, деб хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Қўзғатилган жиноят иши доирасида 50 киши судланмоқда. Улардан 29 нафари қамоққа олинган, қолган 21 нафарига нисбатан гаров ва муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат тарзида эҳтиёт чораси қўлланган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168 (Фирибгарлик), 184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 185−2 (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш), 189 (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) , 28,209 (Жиноят иштирокчиларининг турлари, Мансаб сохтакорлиги), 209 (Мансаб сохтакорлиги), 211 (Пора бериш), 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари бўйича айблов эълон қилинган.

«Дарё» нашри хабар беришича, адвокатлардан бири Темур Раҳматов маълум бир нашр Азиз Воитовнинг иши аллақачон судда кўриб чиқилгани ва у 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида нотўғри маълумот тарқатганини маълум қилган.

29 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига “гаров“ ва 6 нафарига "муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат" тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Азиз Воитов ўтган йил декабрида ҳибсга олинган эди. У ҳибсга олинишидан икки ой олдин (2023 йил октябрида) қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган. Воитовнинг ишдан бўшатилиши сабаби ўша пайтда расман очиқланган эмас.

44 ёшли Азиз Воитов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ҳукуматнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олинган энг юқори мартабали мулозимидир.

Воитов 2020 йилнинг мартидан 2022 йил августигача ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил августидан 2023 йил октябригача қишлоқ хўжалик вазири бўлган.

XS
SM
MD
LG