“Бундай таклиф билан “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси 2022 йилдаёқ чиққан, ўшанда биз миграция соҳасида тартиб ўрнатилиши учун феълан якка ўзимиз курашаётган эдик. Кескинлашган миграция муаммолари қонун чиқарувчилар диққат марказида бўлиб турган бугунги кунда бу масалани кўриб чиқишга қайтишимиз лозим”, деб ёзган Сергей Миронов ўз telegram-каналида.
Депутат ўз постида “Жанубдан келган меҳмонларга юз минглаб паспорт тарқатиш нимага керак? Этник анклавларни урчитиш нега керак? Бюджетнинг ижтимоий таъминот учун ажратилган миллиардлаб маблағини бу янги фуқароларга сарфлаш нима учун лозим? Бундан Россияга фойда нима?” деган саволларни ўртага ташлаган.
Миронов иддаосича, гастарбайтерларни ёппасига паспорт билан таъминлашдан фақатгина коррупцияга чалинган амалдорлар ва мигрантлар машруълашувидан мўмай даромад топаётган товламачилардан иборат мафия фойда кўради.
“Давлат бу мафияга қарши курашиши ва миллий хавфсизлик соҳасида ўз манфаатларини ҳимоя қилиши зарур. Жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари турғунларига РФ фуқаролигини беришга мораторий киритиш йўли билан. Ҳеч бўлмаганда 2026 йилгача. Бу вақт ичида эса қонунчиликни тартибга солиш, миграция хизматини порахўрлардан тозалаб, уни ислоҳ қилиш ҳамда аввал берилган паспортларнинг қонунийлигини текшириш мумкин бўлади”, деб ҳисоблайди Сергей Миронов.
Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар “Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонликни гумонлашмоқда.
Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган муҳожирлар мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.